11 декабрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали намойиш қилинган 35 дақиқадан иборат "Хиёнат ёхуд ватанга қарши ишлатишнинг янги усули" деб номланган кўрсатувда тошкентлик олти йигитнинг Норвегияга бориб, қочқинлик олгани ва жиҳодчилар сафига қўшилгани даъво қилинган.
Тахминларга кўра, тергов изоляторида суратга олинган тасвирларда 28-37 ёшлардаги Тошкент шаҳридан деб таништирилган олти йигит "кўрсатма" берган.
Ўз интервьюсида йигитларнинг барчаси Норвегияга бориб, сохта кўрсатмалар орқали қочқинлик мақоми олганини ҳикоя қилади.
Жиҳодчиликка тайёрланганларини "бўйнига олган" бу йигитлар бесоқолбозлик билан ҳам шуғулланганликларини "эътироф этганлар".
Бу олти йигитнинг ҳозирги тақдири ҳақида "Хиёнат"да бирор маълумот йўқ. Тергов тугаб, иш маҳкамага ошганми ёки йигитлар аллақачон қамоқ жазосини ўтаяптими - булар кўрсатувда очиқланмаган.
Озодлик Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу борада бирор маълумот олишга муваффақ бўлолмади.