Гулистонлик ўқитувчилар пахтада емаган сомсасига пул тўламоқда

Гулистонлик ўқитувчилардан пахта терими учун пул ундирилмоқда

Бу йилги пахта терими мавсумидаги ҳаражатлар учун гулистонлик ўқитувчилардан пул ундирилмоқда. Пахта терими пайтида ўқитувчилар ўрнига ëлланган теримчи-мардикорлар ҳақини тўлаш ҳам бугунги кунга келиб оддий коллеж ўқитувчилари зиммасига тушмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ пахта ҳаражатлари учун пул беришдан бош тортган ўқитувчилар директор хонасига чақиртирилиб “муҳокамадан ўтказилмоқда”

Озодлик боғланган ва исми сир қолишини истаган Гулистон шаҳар Саноат касб -ҳунар коллежи ўқитувчиларидан бирининг айтишича¸ пахта теримига борган ўқитувчилар ўзлари билан овқат олиб борган бўлишига қарамасдан улардан овқат пули ундирилмоқда.

Пахта терими пайтида ўқитувчилар ўрнига ëлланган теримчи- мардикорлар ҳақини ва улар еган овқатлар пулини тўлаш ҳам бугунги кунга келиб оддий коллеж ўқитувчилари зиммасига тушмоқда.

Гулистондаги Саноат касб-ҳунар коллежининг ўқитувчиси Озодликка исми айтилмаслик шарти билан мана бу гапларни айтди:

- Ҳалиям пахта муаммолари якунига етгани йўқ. Кеча коллежга борсам завхоз мени излаëтган экан. Унинг айтишича, мени ва ëтарли (ётиб териш учун, демоқчи - таҳр.) пахтага борган бошқа ўқитувчиларни қарздор қилиб қўйишибди. Пахта мавсумидаги сарф-ҳаражатлар¸ овқат¸ транспорт учун кетган пулни биз қоплаб беришимиз керак экан. Завхознинг қўлида қарздор ўқитувчиларнинг рўйхати бор эди. Мен ҳозирча 30 минг сўм тўлаб¸ қарзимдан қисман қутулдим¸ дейди суҳбатдош.

Коллеж ўқитувчисининг айтишича¸ пахта терими учун ўқитувчилар ўрнига ëлланган теримчи-мардикорлар пули ҳам муаллимлардан ундирилган:

- Мардикор теримчиларнинг бир кунлик нархи 50 минг сўмга чиқиб кетган эди. Пахтага ўқитувчилар ўрнига бориш учун 50 мингдан камига ҳеч ким рози бўлмаган эди. Энди ўшанда кўпга келган тўй, деб бир амаллаб мардикор ëллаб ўрнимизга пахтага жўнатган эдик. Завхознинг айтишича, ëтоқли пахтага ўрнимизга ëлланган мардикорлар ëлчитиб пахта термагани боис овқатдан қарз бўлишган. Мен бу гапга ишонмадим. Чунки мен ўз ўрнимга ëллаган теримчининг ҳар куни нормани бажарганини текшириб турганман. Бу нарсани ўз вақтида директор талаб қилган эди. Демак, мендан бугун асоссиз пул талаб қилишмоқда¸ деб таъкидлади суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ пахта ҳаражатлари учун пул беришдан бош тортган ўқитувчилар директор кабинетига чақиртирилиб “муҳокамадан ўтказилмоқда”

Сирдарë вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг Озодлик боғланган вакили пахта ҳаражатлари учун коллеж ўқитувчиларидан пул йиғишнинг мутлақо қонунга зидлигини таъкидлади.

Мулозимга кўра¸ " Сирдарë вилоятидаги коллеж ўқитувчиларининг ҳеч кимдан қарзи йўқ ва уларнинг ойлигидан пул чегириб қолиш қонунбузарликдир".

Суҳбат асносида мулозим "ноқонуний йиғимлар билан шуғулланаëтган коллеж раҳбариятига чора кўрилишини ҳам билдирди".

Озодлик суҳбатлашган коллеж ўқитувчилари ўтган пахта мавсумида анча чиқимдор бўлиб қолганлигидан шикоят қилишди.

Ўзбекистондаги пахта мавсумини таҳлил қилган фаолларнинг айтишига кўра¸ бу йилги терим жараëни коррупцияга кенг имкон берган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова ўтган ҳафта Швейцариянинг Берн шаҳрида ўтган анжуманда айнан шу нуқтага эътибор қаратганлигини Озодликка билдирди:

-Ўзбекистондаги пахта сектори турли коррупцион схемаларни ўз ичига олган. Бу схемалар кўп ҳолларда майда мулозимларнинг бойиши учун ҳизмат қилади. Теримни минимал ресурслар билан амалга оширган мулозим айни вақтда оддий одамлардан ўз чўнтаги учун пул ундиришни кўзлайди. Масалан, ўқитувчилар зиммасига 25 кило пахта терувчини овқат билан таъминлаш мажбурияти тушган. Мендаги маълумотларга кўра¸ овқат сифати ва қиймати 10 марта ошириб кўрсатилган. Агар бу рақамни пахта секторига жалб қилинган барча ўқитувчилар сонига кўпайтирсангиз, коррупция кўлами аëн бўлади, деди Умида Ниёзова.