Иркутскда ёнғинда икки ўзбекистонлик нобуд бўлди

Россиянинг Иркутск шаҳрида 17 декабр куни содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқароси бўлган бир эркак ва бир аёл нобуд бўлди. Маълум бўлишича, муҳожирлар эртаси куни Ўзбекистонга учиб кетиши керак бўлган.

17 декабрь кечаси соат 2 ларда Иркутск шаҳрининг Александр Невский кўчасидаги ёғоч уйга ўт кетиши оқибатида бир аёл ва бир эркак нобуд бўлди.

Озодликка бу хабар тафсилотларини гапириб берган ўзбекистонлик Улуғбек муҳожирлар эртаси куни самолётга чипта олиб қўйгани ва учиб кетиши кераклигини маълум қилди.

- Шундай бўлганки, бу йигит қурилиш компаниясида разнорабочий бўлиб ишларди. 21 ёшда, исми Ҳасанбой, Тошкентнинг Чирчиғидан бўлса керак. Бир йил ишлаб уйга кетадиган пайти билет олиб қўйган эди. Пайшанба куни, кеча, учиб кетиши керак эди. Ўша куни уже ишдан бўшаган эди, уйга кетаман деб. У холаси билан қурилиш фирмасидан берилган ёғоч уйда турарди, кўп қаватли уйлар олдида эди. Проводкадан ўт чиққанми - нима бўлган билмайман - ис газидан димланишиб, иккалови ўлган, уй ёниб кетган,- дейди Иркутскда ўзи ҳам муҳожирлик қилаётганини гапирган Улуғбек.

Суҳбатдош ёниб кетган уй ташландиқ ҳолатда бўлиб, яқин орада бузилиши керак бўлганини ҳам айтди. У ҳозирда хола-жиян майитилари иш берувчининг моддий кўмаги ёрдамида Ўзбекистонга жўнатилганини маълум қилди:

- Қурилиш корхонаси ишдан чиқиб кетган бўлса ҳам “ишчимиз эди”, деб тобутни самолёт билан жўнатишга маблағ ажратди – 200 минг рубль. Эртага Иркутскдан Тошкентга тўғри рейс билан учиб бориши керак, агар самолётга билет олишга улгурган бўлса,- деди бахтсиз ҳодиса тафсилотларини айтиб берган Улуғбек.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Иркутск вилояти бўйича бошқармаси Озодликка Александр Невский кўчасидаги бузилишга тайёрланган ёғоч уйда ёнғин тўғрисидаги хабар кечаси соат 2:28 да қабул қилингани ва уни ўчиришда уч машина ва 11 нафар ўт ўчирувчи иштирок этганини билдиришди.

Мутахассисларнинг дастлабки тафтишларига биноан, бино ичкаридан ёнган. Жасадлардан бири уйга киришдаги йўлакда, яна бири – ичкари хонанинг кроватида топилган.

Бошқарма навбатчиси “Раскин Уйи” деб номланган бу уй 1860 йилда қурилгани ва Иркутскнинг архитектура ёдгорлиги саналганини ҳам қўшимча қилди. Шу сабабли уйнинг кейинги тақдирини ҳал этиш масаласи шаҳар маъмурияти томонидан кўрилаётган бўлганини билдирди расмий.

“Вести-Иркутск” телекомпаниясининг “Мобил мухбир” дастурида Невский кўчасидаги бу уй ёнаётгани ва унинг атрофида ўт ўчирувчилар иш олиб бораётгани тасвирланган видео пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, 2012 йилнинг 17 агустида ҳам Иркутск шаҳрида ёнган ёғоч уйлардан бирида уч эркак киши ёниб кетган, бир аёл жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган. Ҳодиса жойига келган терговчилар ўлганлар шу ўзбекистонлик аёлнинг эри ва ўғли, учинчи шахс – уларникига келган меҳмон эканини аниқлаган.