Ўзбекистонда дори-дармон тақчиллашди

Ўзбекистондаги аптекаларда зарурий дори-дармонларнинг тақчиллашиб кетгани кузатилмоқда. Мутахассислар Ўзбекистонда дори-дармон тақчиллиги юзага келишига Россияда рубль қадри тушиб кетганини сабаб қилиб келтиришади.

Пойтахт Тошкент ва вилоятларда беморлар сўнгги ҳафталарда дори-дармон қидириб, сарсон бўлаётганликларини айтишади.

Тошкентликлардан бири 2 январь куни Озодлик билан суҳбатда “оддий касалга ҳаво ва сувдек зарур дори-дармонлар танқислашган”ини айтди.

-Кантрикал, бенспирин, акоидетрин каби дориларни сўраб борсак "Йўқ" деб, бошқа аптекага юборишади. Унисига борсак, бошқасига юборишади. Аввал бунақа бўлмас эди. Ҳозир четникини ўзимизда ишланган заменители бор, ҳақиқийси йўқ, - дейди Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи Шарофат опа.

Озодлик мухбири боғланган Тошкентдаги бир қатор дорихоналар ходимлари ҳақиқатан ҳам сўнгги ҳафталар ичида дори-дармон ассортименти кескин камайиб кетганини тасдиқлашди.

-Кўп дорилар, айниқса витаминлар дефицит. Ассортимент камайди. Отказимиз кўпайди. Ўзимизда ишлаб чиқилган дорилар бор, четдан олиб келинадиган қиммат дорилар камайиб кетди, борларини нархи икки баравар ошиб кетди, - дейди Тошкентдаги дорихоналардан бирининг сотувчиси.

Лекин кўпчилик аптека ходимлари тақчиллик сабабини билмасликларини айтишди:

-Ҳозир таможняда ҳам туриб қоляптими, ким билади. Отдел снабжениядагилар билишса керак. Лекин дори етишмаяпти, биласиз бизда аҳоли кўп, касал кўп, - дейди хоразмлик аптека ходими.

Мутахассислар Ўзбекистонда дори-дармон тақчиллиги юзага келишига Россияда доллар ва евронинг қурби кўтарилганини сабаб қилиб келтиришади.

-Оптовиклар олиб келади уни ҳаммасини. Чет эл билан алоқаси бор, долларда конвертацияси бор фирмалар олиб келади, импортний дорилар асосан Россия орқали келади. Ҳозир энди Россияда доллар, еврони курси кўтарилиб, Россияни ўзида ҳам чет элни дорилари камайиб қолган. Бу ерда шуни таъсири бўляпти, - дейди дори-дормон бизнеси билан шуғулланувчи тошкентлик тадбиркорлардан бири.

Лекин Тошкентдаги хусусий дорихона эгаларидан бири Қаххор ака Россия орқали дори импортининг камайиши ички бозорга жиддий таъсир этмаслигини айтади:

-Ҳозир Ўзбекистонда 137та завод бор. Шу заводларда дори чиқиб ётибди. Энди ўрганган кўнгил деб, кўпчиликка у ёқдан келгани ширинроқ кўринади. Ҳамма четникини хоҳлайди, четники дефицит, тўғри. Лекин мен бу сохада ўттиз йиллик мутахассисман, ўзимизда ишлаб чиқилаётган дорилар четникини ўрнини юз фоиз босади. Биздаги заводларни ҳаммаси GPM стандардларидаги заводлар. Биздаги Аллапенинни бутун СНГ олади. Сифатига гап йўқ. Мен, масалан, давлениямга шахсан Тошкентда чиқадиган дорини ичаман. Қўлимда икки ярим минг хил дори бор. Тошкентни минг сўмлик дорисини ичаман. Давлениямни жуда яхши туширади. Бошқа бировга айтсангиз ишонмайди. У четни эллик минг сўмлик дорисини ичади. Калласига сингдиривоган, четники яхши деб, лекин ўзимизники қолишмайди, ҳамма дорига заменитель бор, Ўзбекистонда чиқяпти, нархи арзон, ўзи зўр, - дейди Қаххор ака.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳозир мамлакатдаги фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган 137та корхонада 1300 дан ортиқ турдаги дори маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда ҳар йили 400 миллион долларлик дори сотилади. Ўзбекистон ички бозордаги фармацевтика маҳсулотларнинг учдан бир қисми маҳаллий корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Қолгани Россия, Қозоғистон ва Украина орқали Ўзбекистонга экспорт қилинади. Ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга 60 миллион доллардан кўпроқ дори-дармон экспорт қилинган.