Ўзбекистонда қайта сайлов ўтказилди

4 январь куни Ўзбекистондаги 22 та сайлов округида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қайта сайлов бўлиб ўтди. Унда ҳар бир сайлов округидан сайловда иштирок этган икки номзоддан қай бири, фоизидан қатъий назар, энг кўп овоз жамғарса, ўша депутат бўлади.

2014 йилнинг 21 декабрь куни парламент қуйи палатасига бўлиб ўтган сайловда 135 сайлов округидан 22 тасида номзодларнинг ҳеч қайсиси депутатлик мандатини олиш учун етарли овоз жамғаролмаган. Шу сабабли Марказий сайлов комиссияси бу округларда 4 январь куни қайта сайлов ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган.

Қайта сайлов Қорақалпоғистон Республикаси (3-Элликқалъа сайлов округи), Андижон (10-Олтинкўл сайлов округи), Бухоро (23-Шоҳруд сайлов округи), Жиззах (30-Дўстлик сайлов округи), Навоий (34-Навоий сайлов округи), Самарқанд (52-Булунғур сайлов округи), Сирдарё (67-Оқолтин сайлов округи), Хоразм (106-Боғот сайлов округи), Қашқадарё (115-Нишон сайлов округи) вилоятлари ва пойтахт Тошкентда (124-Оқтепа сайлов округи) биттадан округда, Наманган (45-Уйчи ва 48-Чуст сайлов округлари) ва Тошкент (78-Бекобод ва 89-Дўстобод сайлов округлари) вилоятларида иккитадан округда, Фарғона вилоятида учта (91-Данғара, 95-Риштон ва 98-Марғилон) округда, Сурхондарё вилоятида эса бешта (70-Термиз, 71-Жарқўрғон, 72-Қумқўрғон, 73-Шўрчи, 74-Денов) округда ўтказилди.

Маҳаллий қонунчиликка кўра, бу округларда сайловчилар 21 декабрь кунги сайловда энг кўп овоз йиққан икки номзоддан бирига овоз беришлари мумкин ва унда энг кўп овоз жамғарган номзод депутатлик мандатига эга бўлади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг маълум қилишича, якшанба куни Тошкент вақти билан соат 12.00 гача такрорий овоз берилган 1472 сайлов участкасида сайловчилар рўйхатига киритилган 3434345 фуқародан 1840471 сайловчи ёки 53,6 фоизи иштирок этган.

Бу галги сайловда ҳам президент Ислом Каримов сиёсатини қўллаб-қувватловчи тўрт сиёсий партиядан номзодлар иштирок этди. 21 декабрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” партиялари ҳамда “Бирдамлик” ҳаракати вакиллари қатнашмаган.

Икки ҳафта муқаддам Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот котиби Томас Ример сайловларни "рисоладагидек ташкил қилинган, аммо асл рақобат ва очиқ мулоқот руҳи етишмади", деб баҳолаганди. Миссия матбуот котиби Томас Римернинг Озодликка айтишича, зоҳиран яхши ташкил қилинган сайловлар моҳиятан демократик тамойилларга мос ўтказилмаган.