Ўзбекистонда ун, газ, йўлкира, ёғоч ва ҳатто, чақалоқ емаги 50-60 фоизга қимматлади

Халқни ошди-ошдилар орасида энг қийнагани ун нархининг ошгани бўлаяпти

Ўзбекистон бозорларида озиқ-овқат, ун ва нон, сут маҳсулотлари ҳамда қурилиш моллари нархи 50-60 фоизга қимматлаб кетди. Давлатга қарашли жамоат транспорти қатнови мутлақо узилиб қолган вилоятларда хусусий таксилар йўлкира ҳақини 500 сўмдан 800 сўмга кўтариб олганидан шикоят бўлмоқда. Гарчи ҳар Янги йил бошида нарх ошиши кузатилса-да, бу гал Россия рублининг қадрсизланиши мамлакатда нархларнинг кескин ошишига олиб келди.

Газ қимматлади, натижада йўлкира 1000 сўмга чиқди

Наманган вилоятидан Озодликка мурожаат қилган баққол Абдуғофир ака Янги йил бошидан шаҳар ва туманлар марказларидаги йўналишдаги таксилар йўл ҳақини 300 сўмга оширганидан нолиди:

- Хусусий таксилар нархини 500 сўмдан 800 сўмга оширволди. Газ 300 сўмга ошиптимиш. Бир чиқиш-тушиш 800 сўм бўлди. Аслида 1000 сўм, дегани бу. Чунки, қайтимга 200, 300 сўмлик пул йўқ ҳозир. 2 та гугурт беради, холос. Шаҳарда жамоат транспорти умуман йўқ. Номига 2 та "Отайўл" бор, ҳеч ким минмайди. Мажбур, аҳоли таксига чиқаяпти. Бизга ўхшаган пули йўқлар пиёда қолди, лекин,- дейди наманганлик баққол.

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб бензин нархи 25 сўмга, метан гази нархи эса 400 сўмга қимматлади. Бунга президент қарори билан автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори ҳамда метан гази учун сармоя устамаси оширилгани сабаб қилиб кўрсатилди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Йўловчи: Йўлкира расман 300 сўм, амалда эса 1000 сўм бўлди, чунки қайтим йўқ

50 килолик 1 қоп ун 65 минг сўм бўлди

Жиззах вилоятидан Озодликка мактуб ёзган тингловчи ун нархининг ошиб кетганидан нолиди:

"Salom mening bitta savolim bor edi. Avgust oyida unning narhi 1 qopi yani 50kg mi 40000 edi xozir 65000 bölgan.Shunday 5,6 oy ichida 25000sum kötarilib ketishiga sabab nima? Eshitishimcha xali yana kötarilishda davom etarkan.Gap özimizning Jizzax-8 va Döstlik davlat uni xaqida ketyapti. Un avgust oyida 800 sum 1kilosi ,xozir 13000sum farqi 5oyga 500 sum", деб ёзди Озодлик муштарийси.

Наманганлик Музаффар аканинг айтишича, вилоятда кўп истеъмол қилинадиган Поп унининг нархи ҳам 65 минг сўмга чиққан:

- Ўзимизда чиқадиган 50 килолик бир қоп ун Янги йилдан олдин ҳам 55 минг сўм эди, ҳозир 65 минг сўмга чиқиб кетди. Бизда қишлоқларда одамлар нон қилиш учун, асосан, ўзимизнинг маҳаллий унни оладику! Қозоқнинг уни бундан ҳам қиммат. Қозоқ унини пишириқларга ва ўзимизнинг унга аралаштириб, пишириш учун олинади. Лекин, уннинг қимматлагани ёмон бўлди,- дейди Музаффар ака.

Қарағай ёғочи ярим баробарга қимматлади

Намангандаги қурилиш моллари бозорида ёғоч сотадиган тадбиркор Музаффар ака Россияда рубль қадрсизланиши ортидан Ўзбекистондаги қурилиш моллари бозорида нарх беқарор бўлиб қолганини айтмоқда.

У олиб-сотадиган қарағай ёғочи Россиядан келади.

- Ҳозир Россия рубли бир кўтарилиб-бир тушиб тургани учун мен шу кунда ёғоч бизнесини тўхтатиб ҳам турибман. Узунлиги 15 метрлик тўсинлар 24 минг сўмдан 32-35 минг сўмга чиқиб кетди. Эрталабда бозорга борсангиз, сўмда савдо қилишниям билмайсиз, долларда қилишниям билмайсиз. Хуллас, кўтарасига зарар бўлиб қолди,- дейди Музаффар ака.

Ўзбекистон қурилиш бозорларида сотиладиган қарағай ёғочларининг маҳаллийси йўқ, фақат Россияники. Аммо, шу кунда рубл қадрсизланиши боис, Ўзбекистонда қимматлаган яна бир муҳим қурилиш материали - шифер бўлмоқда:

- Россиянинг шифери ҳам 22 минг сўм эди. Ҳозир 30 минг сўмнинг тепасида. Одамлар мажбур бўлганидан Ўзбекистоннинг 18 - 22 минг сўмлик шиферини олаяпти. Бир йилда синиб кетадию, энди иложи йўқ,- дейди Музаффар ака.

7 минг сўмлик пишлоқ 11-12 минг бўлди

Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сут маҳсулотларининг каттагина қисми Россиядан келади ва сўнгги бир ой ичида бу турдаги маҳсулотлар нархи қарийб 60 фоизга қимматлади.

- Мен куни-кеча Россиядан келадиган юмшоқ пишлоқни - номи ёдимдан кўтарилди - 11 минг сўмга олдим. Россияда рубль қадрсизланиб кетишидан олдин шу пишлоқларнинг килоси 7 минг сўм эди. Ҳозир, 12 минг сўмгаям бор. Россиядан келадиган йогурт, болаларга бериладиган қуруқ сутлар ҳам шундай 50-60 фоизга қимматлаган,- дейли тошкентлик иқтисодчи Тошбек.

Россия бозори Ўзбекистоннинг қора бозорини ўйнатаяпти

Шу кунда Ўзбекистондаги хориж валюталари қора бозорида ҳам нарх беқарор бўлиб қолмоқда.

Янги йил арафасида 1 АҚШ долларининг нархи қора бозорларда 3 минг 400 сўмга чиқди ва сўнгги 23 йилдаги рекорд кўрсаткич қайд этилди.

- Ҳозир долларнинг нархи ҳам 3 минг 400 - 3 минг 500 сўм ўртасида ўйнаб турибди. Давлат курси эса 2 ярим мингга яқинлади. Бу эса мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархининг ҳам ошишига олиб келаяпти. Яъни, асосий қисми Россия ва Қозоғистондан келаётган озиқ-овқат, халқ истеъмоли моллари нархи рублнинг қадрсизланиши боис кўтарилган бўлса, маҳаллий маҳсулотлар нархи Ўзбекистонда АҚШ долларининг нархи ошгани боис, қаимматламоқда ва бу ҳам бевосита, Россияда бўлаётган жараёнлар билан боғлиқ, - дейди тошкентлик иқтисодчи Тошбек.

Қуйида у билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Иқтисодчи: Ўзбекистонда нархларнинг ошиши кутилган эди