Металлолом топширмаган талабага ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда

Ангренлик талабалар ўн кун ичида белгиланган миқдорда темир-терсак йиғиш ёки унинг ўрнига пул тўплашга мажбурланмоқда. Металлолом​ни вақтида топширмаганлар ўқишдан ҳайдалишлари, юқори босқич талабаларига эса диплом берилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган.

Ангрендаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқиётган Гулчеҳра Озодлик билан суҳбатда ўзи ва бошқа талабалар ўн кун ичида камида 50 килограмм темир-терсак топширишга мажбурланганликларини айтди:

- Ўн кун ичида ҳар бир талаба камида 50 килограмм металл топшириши, металл топмаса 150 минг сўмдан бериши керак экан. Биз ҳозир ўқиш қолиб чекка жойлардан, чиқиндихоналардан металл қидиришимизга тўғри келяпти. Яна ўша металлни 10 килоси рангли металл бўлиши керак экан. Ҳозир талабалар дайди одамлар каби хавфли электр трансформаторлари атрофларини ковлаб, ташландиқ жойларда машиналарнинг аккумуляторларини ковлаб топиб, металл йиғмоқда. Ўқиш қолиб кетяпти, - дейди Гулчеҳра.

Озодликка мурожаат қилган яна бир талаба металлолом тополмай уни сотиб олишга мажбур бўлаётганини айтади:

- Металл ҳозир ахлатхоналарда ҳам қолмаган. Ҳозир автосервислар бор, ўша ерда металлалом сотадиганлар бор экан. Ўн килоси 10-15 минг сўм. Топширмасак бўлмас экан. Ҳокимиятдан коллежимиз раҳбариятига шунақа топшириқ бўлибди. Шунга сотиб оляпмиз. Пулини олиб бориб бергандан металлни автосервислардан сотиб олган арзонга тушяпти, - дейди исми сир қолишини истаган ангренлик талаба.

Шунингдек, талабаларга макулатура- қоғоз чиқиндилари йиғиш мажбурияти ҳам юкланган.

- Бизга 10 килограмм макулатура ҳам айтилган. Квартирада тураман. Уйдан зўрға уч килограмм макулатура чиқди. Қолганини қаердан олишни билмаяпман, - дейди Ангрендаги Педагогика касб-ҳунар билим юртининг учинчи босқич талабаси Сирожиддин.

Ангрендаги Политехника касб-хунар коллежи ўқитувчиларидан бирининг айтишича, ҳозир у ишлаётган коллеж ва бошқа билим юртларига вилоят ҳокимиятидан металл ва қоғоз парчалари йиғиш бўйича режа топширилган.

- Ҳамма ўқув юртларига шу бўйича режа берилган, йил давомида билим юртлари шу режани бажариб боришлари керак. Металлалом бу ҳамма жойда бўлаётган сиёсий жараёнку. Ҳар йили бўлади бу. Ҳамма талабалар шуни топширишлари керак, - дейди коллеж ўқитувчиси.

Режа бўйича йиғилган металл ва қоғоз парчалари иккиламчи маҳсулот қабул қилиш корхоналарига топширилади.

Бундан тушган маблағ шу ўқув юртларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилади.

- Пули ўзимизни ҳисобга тушади, коллежга тушади. Коллежга тушириб беради пулни кейин ўқув жараёни учун керакли нарсалар олинади шу пулга, - дейди Ангрендаги Политехника касб-ҳунар билим юрти ўқитувчиси.

Қабул қилинган темир учун қанча ҳақ тўланиши маълум эмас.

Айни кунларда Тошкент шаҳри ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа вилоят-туманларидаги ўқув юртларида ҳам талабаларга темир-терсак ва макулатура йиғиш тайинланган.

Коллеж ходимлари бу мажбурий эканини айтиб, лекин, бу мажбуриятни бажармаган талабалар ўқишдан ҳайдалишлари ҳақида таҳдид қилинганини инкор қилишди:

- Бу бир ҳашардай бир нарса. Пул ўзимизни коллежга тушадику. Бунга ўқувчилар ҳам хиссасини қўшиши керак-да, - дейди Юқори Чирчиқ туманидаги коллеж ўқитувчиларидан бири.

Ўз навбатида коллеж талабаларининг ота-оналари темир-терсак йиғиш ўз фарзандларини ўқишдан чалғитаётганини айтишади.

- Ҳозир хамма нарсани ўқувчиларга юклаб қўйишяпти. Темир-терсак йиғадиган ҳам булар, коллежни ремонтига ҳам пул йиғадиган булар, пахта терадигани ҳам, ягана қиладигани ҳам шу коллеж ўқувчилари бўлиб қоляпти. Қачон ўқишади, ахир коллеж билим даргоҳи бўлса, - дейди ангренлик Расулжон ака.

Ўзбекистонда мактаб, коллеж ўқувчиларининг темир-терсак ёки макулатура йиғишга жалб этиш анъанаси Совет давридан мерос қолган.

Ота-оналар ва ҳуқуқ фаолларининг эътирозларига қарамай ўзбекистонлик ўқувчилар ҳар йили ўқишдан ҳайдалиш таҳдидлари остида темир-терсак ва макулатура йиғишга мажбурланади.