Эрдўғон Ғарб ҳукуматларини исломофобияни кучайтиришда айблади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғарб ҳукуматлари раҳбарларининг Париждаги террор хужумига муносабатини "исломофобияни кучайтирувчи", деб танқид қилди.

"Бунда Ғарбнинг иккиюзламачилиги шундоқ кўриниб турибди", деди Туркия президенти Эрдўғон Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан ўтказган матбуот анжуманида.

"Биз мусулмон ўлароқ ҳеч қачон террорни қувватламадик, оммавий қатлларни қўлламадик. Бундай қатлиомлар ортида ирқчилик, нафрат ва исломофобия ётибди", деди Эрдўғон.

Одатдагидек, Туркия президенти яна Исроил Бош вазири Нетаняҳуни нишонга олди ва: "Сиз Ғазода 2 ярим минг одамни қатлиом қилган бу шахсга ким ўлароқ қўл бермоқдасиз?" дея савол ташлади.

Шунингдек, у 17 кишини ҳаётдан олиб кетган террор хуружида гумон қилинган шахсларнинг яқинда қамоқдан чиққанини кўздан қочирган ва ҳужумга йўл қўйиб берган, дея Франция махсус хизматларини танқид қилиб ўтди.