Ургутлик йигит Москвада 1 000 000 рублли наркомодда билан қўлга тушди

Москвада Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати ходимлари 32 яшар ўзбекистонликни катта миқдорда наркотик модда билан қўлга туширгани ва ҳибсга олгани маълум бўлди.

Ўзбекистонликнинг ихтиёрида бўлган наркотик модда героин эканлиги ва қиймати 1 миллион рублга тенглиги тахмин қилинмоқда.

Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати (ФСКН) да Озодлик мухбирига 233 ўрам ўралган наркотик моддани кўрсатишди. ФСКН ходимларининг айтишича, бунча миқдордаги наркотик қора бозорда миллион рублдан ортиқ туради.

Озодлик олган маълумотларга кўра, 32 яшар Лазиз Ҳушназаров Москванинг Таганская туманида бир хонали квартирада ижарада турган ва героинни майда партияларга бўлиб, нашавандларга пуллаган.

ФСКН Москва шаҳар бошқармаси раймийси Сергей Кондрин бундай деди:

- Қўлга олинган шахс кунига 50-60 жойда наркоманларга дори қолдириб келган, яъни сотган. Ушланган пакетлардаги модда героин эканини экспертиза аниқлайди, дейди Сергей Кондрин.

Айтилишича, Лазиз Хушназаров Ургут туманидан. У икки ҳафта давомида оператив ходимлар кузатуви остида бўлган.

Сергей Кондринга кўра, Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниши биланоқ оператив ходимлар билан ҳамкорлик қилишга зудлик билан розилик берган ва наркотик моддани қаерда сақлаётганини кўрсатган.

- Мусодара қилинган партия миқдори 1 миллион рублни ташкил этади. Бир килодан ортиғи ўта катта миқдор саналади ва ҳибсга олинган шахснинг ҳатти-ҳаракатлари Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 228- моддаси 5- банди асосида кўриб чиқилади, дейди Ҳушназаровга мазкур модда асосида суд томонидан 20 йиллик ва ҳатто умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини гапирган Сергей Кондрин.

Оператив ходимлардан олинган маълумотга кўра, самарқандлик бу йигит наркотик моддасини кўчадан топиб олиб, шахсий истеъмол учун олиб келганини айтган. Аммо, маълум бўлишича, Лазиз олдин ҳам наркотик савдоси билан шуғулланиб келган ва шундай қилмиши учун судланган ҳам.

Айни пайтда, Подмосковьенинг Наро-Фоминск туманидаги Апрелевка шаҳарчасида фаррошлик қилиб юрган бошқа бир ўзбекистонлик ҳам наркотик моддаси билан ушлангани маълум бўлди.

Исми Асқар экани айтилаётган сурхондарёлик меҳнат муҳожирининг яқинлари Озодликка унинг полиция ходимлари томонидан сабабсиз дўппослангани ва чўнтагига героин моддаси ташланиб, полиция бўлимига олиб кетганини хабар қилди.

Ҳозирча Апрелевкада ушлангани айтилаётган ўзбекистонлик борасида расмий идоралардан жавоб олингани йўқ. Озодлик Апрелевкадаги бу ҳодиса гувоҳи ёки шу ҳақда бирор маълумотга эга бўлганларни хабар беришни сўрайди.

-----

Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати маълумотига кўра, 2014 йилда Россияда 90 мингдан зиёд одам наркотиклардан нобуд бўлди.

Ҳозирга келиб, наркотик истеъмол қилиш бўйича Россия дунё мамлакатлари орасида "етакчилик" қилиб келади: бугунги кунда мамлакатда нашавандлар сони 8 миллион кишини ташкил этади.