Қозоғистонлик Фейсбук фойдаланувчиси миллий низо қўзғаганликда айбланмоқда

Олмаоталик Татьяна Шевцова-Валова Фейсбук ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали миллий низо қўзғаганлик айблови билан маҳкамага тортилди. Ҳозир уй қамоғида сақланаётган бу аёл иши юзасидан дастлабки маҳкама тинглови 23 январь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Татьяна Шевцова-Валованинг маҳкамага тортилишига қозоғистонлик 12 нафар Фейсбук фойдаланувчисининг мурожаати сабаб бўлгани айтилмоқда. Шикоятчиларга кўра, Шевцова-Валова Фейсбукдаги ўз ёзувлари орқали Қозоғистондаги туб аҳоли вакилларини таҳқирлаган ва миллий мансубиятга кўра камситган.

Бу шикоят асосида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат Жиноят кодексининг 164-моддаси (“Миллий адоват қўзғаганлик”) бўйича жиноий иш очганлар.

Татьяна Шевцова-Валовага нисбат берилаётган постларда туб аҳоли вакиллари “чурка”, яъни “йўнилмаган ёғоч” дея ҳақоратланади.

“Агар Қозоғистонда ҳам тил бўйича шунақа ишларни қилаверсанглар ва туб миллатни улуғлайверсанглар, (бу ерда ҳам) Қримдаги каби воқеалар содир бўлади. Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлар ва балки бошқа ҳамма жойи ҳам Россия Федерациясига ўтиб кетади. Бу сизтурли бурчакларда ғингшиётганингиз каби аннексия йўли билан эмас, Қримда бўлгани каби референдум ўтказиш орқали амалга ошади. Яъни Россия таркибига ихтиёрий равишда кириш орқали”, - дейилади Шевцова-Валовага нисбат берилаётган матнда.

Бу каби иддаолар Фейсбукнинг қозоғистонлик фойдаланувчилари эътирозига сабаб бўлган ва улар “Татьяна Шевцова-Валова суд олдида жавоб бериши лозим” деган қарорга келганлар.

12 январь куни Олмаота шаҳрининг Алатау туман судига чақирилган Татьяна у ерга ҳимоячисиз келган. Журналистлар суд залига қўйилмаган маҳкамада Шевцова-Валова адковати келолмагани туфайли судни бошқа кунга кўчиришни илтимос қилган. Судья унинг илтимосини қондирган ва маҳкама 23 январга қолдирилган.

Шундан сўнг журналистлар олдига чиққан Татьяна ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаслигини, унга бўҳтон қилаётганларини айтган. Журналистларнинг: “Фейсбукдаги ёзувларни сиз ёзмаган бўлсангиз, бу ишни ким қилган бўлиши мумкин?” деган саволига Шевцова-Валова мана бундай жавоб берган:

- Мен қаёқдан билай ким қилганини? Шахсимга тегишли маълумотлар ва менинг расмим билан сохта аккаунт очган бўлишлари мумкин.IDни аниқлаш мумкин. Мен компьютеримни буларга бердим. Марҳамат қилиб, текширишсин. Мен ҳеч қаерга яширинишга уринмадим, - деди Татьяна Шевцова-Валова.

Аёл кўнглида Қозоғистон ва қозоқларга нисбатан нафрат ва адоват туйғуси йўқлигини таъкидлади.

- Мен 46 йилдан буён Қозоғистонда яшайман. Онам Россияда яшайди, қариндошларим эса барчаси 1997 йилдаёқ Россияга кўчиб кетишган. Мен эса ҳали ҳам шу ерда яшаяпман. Нима деб ўйлайсиз, мен бу тупроқни яхши кўраманми ёки йўқ? – дея савол ташлайди келаётган жума куни суд қаршисида жавоб бериши керак бўлган Татьяна.

Агар судда Татьяна Шевцова-Валованинг айбдор экани исботланса, икки фарзанднинг онаси бўлган бу аёл 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.