Uz-Daewoo 2015 йилда ишлаб чиқарилган автомобилларининг Россия бозоридаги нархини сўнгги икки ойда 50-60 фоизга кўтарди.
Россияда бошланиб кетган иқтисодий инқироз туфайли автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияларнинг ҳаммаси ҳам бу мамлакатда ўз маҳсулотлари нархларини кескин оширмоқда.
Рублнинг қадрсизланиши кўплаб ўртаҳол россияликлар учун янги автомобиль сотиб олишни эришиб бўлмайдиган орзуга айлантирмоқда.
Uz-Daewooнинг Москвадаги ваколатхонаси ходими Юлия Озодлик билан суҳбатда нархлар ҳақиқатан кескин ошганини тасдиқлар экан, бу ўзгаришлар асосан 2015 йилда ишлаб чиқарилган машиналарга тегишли эканини тушунтирди.
- Бизда нархлар ҳақиқатан оширилди, лекин айримлар хабар бераётганидек, 50 фоизга эмас, нари борса 30 фоизга ошди. Тушунинг, машина хорижий мамлакатда ишлаб чиқарилади ва келтирилади. Рублнинг тушиши ортидан маҳсулотимизга нархларнинг ошиши табиий. Лекин бугундан бизда қабул қилинган “Инқирозга қарши дастур” бўйича айрим автомобилларимиз 2012 йил нархлари асосида сотилади. Автомобилларнинг ишлаб чиқарилишига қараб, уларнинг нархи ҳам турлича. Масалан, Gentra нархлари - 2015 йилгиси 625 минг рублдан юқори; 2013-2014 йилги моделлар – 518 минг рублдан юқори нархда сотилади. 2015 йиллгача ишлаб чиқарилган Daewoo Matiz акция бўйича 256 минг (2015 йилгиси – 396 000) рублдан, Daewoo Nexia – 280 минг (2015 й. – 450 000) рублдан юқори нархда сотилади, деди Uz-Daewoo нинг Россиядаги бош офиси ходимаси.
Юлия барча автодилерлар нархларни кўтараётган бир пайтда улар “Инқирозга қарши дастур” асосида харидорларни жалб қилиш мақсадида айрим русумлардаги автомобиллар нархлари ҳатто пасайганини билдирди.
Uz-Daewooнинг Москвадаги энг йирик дилерларидан бўлган “Автогермес “ салони маъмури Алёна Филиппова янги дастурга мувофиқ машиналар харидорларга 70 минг рублгача арзонлатилган нархда сотилаётганини тасдиқлади.
- Uz-Daewoo компаниясидан бизга расмий билдиришнома келган эди. Унда автомобиллар 30 фоизга қимматлаши кўрсатилди ва мана – улар 30 фоизга ошди. Лекин, аввалги йилларда чиқарилган машиналарни 70 минг рублгача чегирма ва ширкатимиздан қишки покришкаларни совға тарзида оласиз. Аслида, масалан, Gentra бизда 519 мингдан сотилган. Янги дастур асосида сиз уни биздан 448 минг рублга харид қиласиз, деди Алёна Филиппова.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг Daewoo ширкати январда айнан янги ишлаб чиқарилган машиналаргагина 30 фоизга оширишга мажбур бўлганини тасдиқлади.
Uz-Daewoo машиналари сотуви ўтган йили Россияда 2 баробарга камайди
Ўзбек автомобиль ишлаб чиқарувчиси ўтган йилнинг 17 декабрида рублнинг кескин тушиб кетиши ортидан нархларни ўртача 30 фоизга кўтарган эди. Шу сабабли бўлса керак, ширкат декабрдаги “автомобиль сотуви ажиотажи” вақтида ўз машиналарига харидорларни етарли даражада жалб қила олмади ва ўзбек машиналари сотуви ўтган ойда 2013 йилга нисбатан 62 фоизга пасайгани эълон қилинди.
Бироқ, бошқа автоконцернлар ўз машиналари нархларини ноябрдаёқ кўтаришни бошлаган, Uz-Daewoo эса ўз автомобиллари нархларини декабрь ўрталаригача ўзгартирмасдан келди.
Daewoo машиналарига Россия автосалонларидаги нархлар узоқ вақт ўзгаришсиз қолгани билан уларга бўлган талаб йил давомида ҳам сезиларли даражада пасайгани кузатилди: 2014 йилнинг 11 ойи давомида Россияда 35,4 минг автомобил сотилдики, бу ўтган 2013 йилги кўрсаткичдан 35 фоизга камдир.
Мутахассислар нархларнинг ошиши ва Россияда охири кўринмаётган иқтисодий инқироз кейин ҳам ўзбек машиналари сотилишига ўз салбий таъсирини ўтказмасдан қолмаслигини таъкидламоқда.
Маълумки, ўтган йил охирларидан бошлаб Россия автомобиль бозорида ҳукм сураётган ваҳимали кайфият бир томондан пули қадрсизланиб бораётган рус харидорларини ёппасига машина сотиб олишга ундади. Бошқа томондан, жиддий моддий зарар кўраётганини пайқаётган автодилерлар нархларни кўтаришга киришди. Бу вазият эса айрим автомобиль ишлаб чиқарувчиларни валютага савдо қилишга, бошқасини машина сотувини Россияда умуман тўхтатишга мажбур қилди.
Биргина маҳаллий АвтоВАЗ ўз моделлари нархларини ўзгаришсиз сақлаб келмоқда.
АЕВ Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси маълумотларига биноан, 2014 йили Россияда жами 2,5 миллион янги автомобиль сотилган. Бу 2013 йилги кўрсаткичдан 10,3 фоизга камдир.
Ўтган йилда Uz-Daewooнинг маҳаллий аҳоли орасида “узбечка” деб танилган автомаҳсулотлари сотилиши жиҳатидан Россияда 17- ўринни эгаллади, ваҳоланки бу кўрсаткич бўйича компания 2013 йилда 14- ўринни эгаллаган эди.