Президентликка номзодлар учун имзо йиғиш мажбурий тусга кирди

Навоий кон-металлургия комбинатининг ишчилари Ислом Каримовни мамлакат президентлигига номзод сифатида кўрсатиш ҳақидаги варақага имзо қўйишга мажбурланмоқда. Ишчиларнинг айтишларича, имзо қўйишни истамаган шахсларга ишдан ҳайдалиш билан таҳдид қилиняпти.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар берган комбинат ишчисига кўра, ишчиларнинг имзо қўйишини раҳбарларнинг ўзлари назорат қилмоқда:

- Компютерда чиқарилган оқ қоғозга ишчиларнинг фамилиялари аввалдан тартиб билан ёзилган. Қайси вазифада ишлашимиз, адресимиз, паспортларимиз рақамларигача ёзилган. Раҳбарлар бошимизда туриб Каримов номзодини қўллаб-қувватлаймиз, деб имзо қўйинглар деди. Балки мен бошқа номзодни қўлларман десам, бўлмаса бориб ўшанинг корхонасида ишла, деди. Мажбур имзо қўйиб бердик, деди комбинат ишчиси.

Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш варақасига имзо йиғиш Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ихтиёрий-мажбурий тарзда ўтказилаётгани айтилмоқда.

Бухоро вилоятининг Олот туманидан бўлган мактаб директорининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, барча коллеж ва мактаблар ўқитувчиларидан мажбурий тарзда имзо йиғиб олиняпти:

“Бизда ҳар жума куни халқ таълими бўлимида йиғилиш бўлади. Ўтган жума куни ҳам мажлисда ҳаммага тўртта партиянинг номзодлари кўрсатилган варақаларни бўлиб беришди. Мактабларингга борингларда, ўқитувчилардан фаррошларгача имзо йиғиб келинглар, деди. Ҳозир ана шу иш билан машғулмиз”, деди мактаб директори.

Тошкентлик муштарийлардан бири Озодликка "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови имзо варақаси"ни суратга тушириб юборар экан, Юнусобод туманида ўқитувчилар уйма-уй юриб имзо йиғаётганини айтди.

Президент сайлови имзо варақаси

Озодлик манбаларига кўра, имзо йиғувчилар сайловчиларга президентликка номзодлардан бирортасини танлаш ҳуқуқини бермаяпти, аксинча юқоридан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашни таклиф қилмоқда.

Озодлик қишлоқ ва маҳалла фуқаролик йиғинлари тақдим қилган номзодни қўллаб-қувватлашга имзо қўймаган ёш болали оналарга бола нафақасидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилинаётгани ҳақида хабарлар олмоқда.

Бундан аввал Озодлик Ислом Каримовни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаларидан оммавий тарзда мажбурий имзо йиғиб олинаётгани ҳақида хабар берган эди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг 24-моддасига кўра, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида амалга оширилиши мумкин. Лекин қонуннинг ушбу моддасида “Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни пора эвазига ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилган.