Россиянинг Липецк шаҳрида 24 январь куни номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилганидан сўнг комага тушган Ўзбекистон фуқароси ҳушига келмасдан оламдан ўтди.Терговчиларга кўра¸ ҳозирда жиноятни содир этган шахсларга қидирув эълон қилинган.
Ўзбекистонлик ҳушига келмасдан жон берди
27 январь куни Липецк вилоят маркази шифохонасида ҳушида келмаган 44 ёшли Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди.
Липецк вилояти бўйича Тергов қўмитаси ахборот бўлими раҳбари Юлия Кузнецованинг Озодликка айтишича, ўзбек муҳожири 2015 йилнинг 24 январида оғир жароҳатлар билан беҳуш ҳолатда Липецк шаҳрининг Верешчагина кўчасида топилган:
- Унинг ўлими юзасидан бизда жиноий иш очилди, чунки бу шахс уч кун ўтиб Липецкнинг 1-сонли тез тиббий ёрдам клиникасида ҳушига келмасдан ўлди. Ўлимга бош суяги жароҳати сабаб бўлди. 24 январь куни жабрланувчига тан жароҳатларини етказган шахслар қидирувга берилди. Улар тўғрисида ортиқча маълумот бера олмайман, деди терговчи Юлия Кузнецова.
Озодлик ўз манбаларидан шифохонада жони узилган Ўзбекистон фуқаросининг 1970 йилда туғилган Мансуров Самад Туробович эканини аниқлади.
Липецк шаҳар Октябрский округи бўйича Тергов бўлими томонидан ўзбек муҳожири ўлими юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111- моддаси 4-қисми (жабрланувчи ўлимига сабаб бўлган эҳтиётсизликдан оғир тан жароҳати етказиш) асосида жиноий иш қўзғатилди.
Самад Мансуров жасади қўшимча суд-тиббий экспертиза учун маҳаллий моргга жўнатилди.
2013 йил сентябрида Липецк шаҳрида тўрт нафар ўзбек муҳожирини ëқиб юборганлик ва яна тўрттасини чавақлаганлик айби билан маҳаллий тақирбошлар гуруҳининг уч аъзоси ҳибсга олинган ва жавобгарликка тортилганини Озодлик хабар берган эди.
Липецкда бошқа ўзбек муҳожирини ўлдирганликда айбланаётган шахс ушланди
Липецк шаҳрида янги йил арафасида – 30 дан 31 декабрга ўтар кечаси ўлдирилган яна бир ўзбек муҳожири ўлимида айбланаётган шахс ҳибсга олингани хабар қилинди.
Тергов қўмитаси хабарига кўра, Липецкнинг худди Октябрский округидаги полиция бўлимига Неделина кўчасидаги уйлардан бирида яшовчи фуқаролардан шикоят келиб тушган. Улар Ўзбекистон фуқароси ижарага олган уйда жанжал бўлаётганини айтган.
Тунги соат иккиларда ҳодиса жойига етиб келган полициячилар 6-қаватнинг подъезд майдончасида - квартирасининг эшиги тагида пичоқлаб кетилгани тахмин қилинган 31 ёшли ўзбек йигити жасадини топган. Қўшнилар квартирадан иккита кўринишидан осиёлик бўлган шахс чиқиб кетганини билдирган.
Квартирани кўздан кечирган криминалистлар бундан олдин хонада байрам нишонлангани, катта миқдорда спиртли ичимлик ичилгани, кейин жанжал бўлганини тахмин қилмоқда.
Октябрский округи бўйича Тергов бўлими Ўзбекистон фуқароси ўлдирилиши юзасидан қотиллик моддаси асосида жиноий иш очди ва бу жиноятга алоқадор шахсларга нисбатан қидирув эълон қилди.
Исми ошкор этилмаган ўзбекистонлик қурбон Липецк яқинидаги коттедж қурилишида қурувчи бўлиб ишлаб келган.
Уч кун ўтар-ўтмас ўзбекистонлик ўлимига алоқадорликда айбланиб 23 яшар аёл ҳибсга олинди. Тергов пайтида айбига иқрор бўлган липецклик бу аёл курашчи экани ва маст ҳолатда муҳожирга бир-икки кураш усулини кўрсатиб, эшик ойнасини синдириб қўйганини айтган.
Терговда давомида аëн бўлишича¸ исми ошкор этилмаётган аёл ойна сингани устида жанжал кўтарган муҳожир қорнига жаҳл устида ойна синиғини тиқиб олган.
Қотилликда айбланаётган 23 яшар аёл ҳозирда ҳибсда қолмоқда. Тергов ишлари якунлангани йўқ.