Россия Федерациясида йил бошидан жорий қилинган янги миграция қоидалари меҳнат муҳожирларининг ишга рухсатнома олиши жараёнини янада мураккаблаштирди.
Шу билан бирга, Ғарб давлатлари томонидан Қрим минтақасини аннексия қилган ва Донбассда россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётган Россияга нисбатани жорий қилган санкциялар рублнинг кескин қадрсизланишига сабаб бўлди.
Маошининг долларга нисбатан қадри қолмаганини сезаётган меҳнат муҳожирлар ёппасига бу мамлакатни тарк этишга киришди. Озодлик Россиянинг 2014 йил охирларидан кўплаб қурилиш объектлари ва хўжалик соҳаларида ишчилар сони етишмовчилиги юзага келгани тўғрисида тез-тез хабар қилмоқда.
Мантиқан, ишчиларга бўлган талабнинг ошиб бориши жараёнида Россия ҳукумати муҳожирларнинг ватанларига қайтишини тўхтатиб қолиш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериши ва барча имкониятларни ишга солиши лозим.
Аммо давлатнинг йирик мегаполисларида “нолегал мигрантлардан тозалаш” амалиётлари бошқа ўтказилмаётган бўлса-да, депортация лагерларига суд қарорлари билан келтирилаётган муҳожирлар сони камаймаётир.
Сахаровода ҳаёт оғир
2014 йилнинг 1 декабрида Москванинг Троицкий округидаги Сахарово қишлоғи этагида янги ишга туширилган Хориж фуқароларини сақлаш маркази очилишига шахсан Москва ҳокими Сергей Собянин ва ФМС директори Константин Ромодановский бир гуруҳ журналистлар билан ташриф буюрган эди.
Собянин Дмитрой шоссесидаги эски 400 кишилик марказ урнига очилган Сахароводаги депортация лагери энди минг нафар хорижликни қабул қилиш имкониятига эга экани ва марказ замонавий технологиялар асосида қурилганини гапирса, Федерал миграция хизмати раҳбари Ромодановский бундай марказлар тузиш зарурати тобора кучайиб бораётгани ҳақида айтган эди:
- Москва Россия Федерацияси учун миграция соҳасидаги барча муаммоларнинг учдан бирини ташкил этувчи шаҳар. Сўзсиз, халқаро талабларга мос келувчи, бир вақтда, қаттиқ режимли хориж фуқароларини ушлаш муассасалари тартиб ўрнатишга кўмаклашади. Бу эса жамоатчилик фикри, айниқса, москваликлар фикрига ижобий таъсир этмасдан қолмайди,- деган эди Константин Ромодановский.
Яқин кунларда бу марказ ёнида мигрантларга ишга рухсатнома тайёрлаш бўйича ихтисослашган миграция маркази ҳам ишга туширилди.
Озодлик Сахаровода ушлаб турилган бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролар билан суҳбатлашиб, депортация лагерларидаги вазиятни сўраб-суриштирди.
Хоразмлик Шуҳрат изоляторга меҳнат муҳожирларини олиб келиш давом этаётгани, уларнинг аксари ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан ноқонуний равишда бадарға қилинаётгани гапирди.
- Уйга қайтиш учун вақтинчалик паспортни олган эдим, чунки паспортимни йўқотган эдим. 1 4 январда олган бўлсам, 21-да мени ментлар ушлади ва депорт қилди. “Нимага Россиядан чиқиб кетмадинг?”, деди. Менда 13 февралгача юришга рухсат бор эди. Суд қилиб, бу ерга олиб келиб тиқиб қўйди. Жаримамни тўлай олмайман, паспортим йўқ бўлса - қаерга чиқаман, тўғрими? Мен 28 - куни ойликни олиб, 29 январ куни билет олиб Ўзбекистонга чиқиб кетишим керак эди. Булар “Паспортинг бўлмаса 3-4 ой ўтирасан!”, деяпти. Хонамизда мана бу акахон 8 ой ўтирибди, буниси 3 ой ўтирибди, бу ёғда 2 йил ўтирган бор. Жами 500 ўзбекистонлик бўлса керак, - дейди Шуҳрат.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
У Ўзбекистон элчихонаси вакиллари муҳожирлар вазиятини осонлаштирувчи бирор амал қилмаётганидан ҳам арзланди:
- Уларга телефон қилдим – телефонини кўтармайди. Ўзбекистон элчихонасидан мана бу ерга келадилар, лекин улар пул сўрайдилар. Ўтган сафар биттаси 200 минг рубл пул берди – ўшани олиб чиқиб кетдилар. Пул бермагани ўтираверади,- деди Шухрат.
Ўзини Фарходжон деб таништирган яна бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз ҳамюрти томонидан “подставка” қилиниб, депортга учраганини айтиб берди.
- Мен бир жойда подъезд ремонтида ишлаётган эдим. Ўзимни посреднигим дворник болларни огоҳлантириб, айни пул беришга келганда подставка қилиб, ушлаб берди мени. Сумкамда паспортларим, нарсаларим қолиб кетди. Мана 3 ойдан бери бу ерда ётибман! “Жаримани тўламасанг кетмайсан”, “Ўзбекистонга борсанг ҳам ундириб олади бу пулни”, деган гаплар гапириляпти. Ҳар бир камерада 4 кишидан ўтирибмиз. Бу ерга документи борини ҳам, эртага билетим бор деб кетаётганни ҳам олиб келиб тиқаяпти, - деди Фарходжон.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик муҳожирлар келтирган фактлар юзасидан Сахароводаги Хориж фуқароларини сақлаш маркази раҳбарияти номига сўровнома юборди ва вазиятни кузатиб, хабар бериб боради.