Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўзбекистонлик эр-хотин икки кунлик чақалоғини “Тойота Камри” машинасига алмаштирмоқчи бўлганида қўлга олинди. Остона шаҳар Ички ишлар бошқармаси боласини сотишга рози бўлган ўзбекистонлик жуфтлик иқтисодий ночор аҳволда эмаслигини алоҳида қайд этди.
Остона шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими 2 февраль куни тарқатган хабарда айтилишича, оператив-қидирув амалиёти натижасида боласини автомобилга алмаштиришга уринган 25 ва 29 ёшли ўзбекистонлик жуфтлик қўлга олинган.
Остона шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати расмийларидан бири София Қиличбекова Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик жуфтлик боласини машинага алмаштиришни олдиндан режалаганини айтади:
- Эр-хотин ўзбекистонлик. Ўтган ҳафта, 27 январь куни уларни ўғил фарзанди туғилади. Бола жуда соғлом. Туғилганида 3.8 килограмм бўлган. Бола туғилганидан икки кун ўтиб, яъни 29 январь куни уни ота-онаси чақалоғини “Тойота Камри” русумли уч йил ҳайдалган машинага алмаштирмоқчи бўлишади. Улар шу автомашинани ўзларининг номига расмийлаштирган пайтда қўлга олинади. Жуфтлик болани машинага алмаштиришни олдиндан режалаган ва машинанинг русуми қанақа бўлиши ва беш йилдан эски бўлмаслиги ҳақида шарт ҳам қўйишган, - дейди Остона шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот ҳизмати расмийси Қиличбекова.
Боланинг отаси бундан саккиз йил аввал Ўзбекистондан Қозоғистонга ишлагани келиб, шу мамлакат фуқаролигини олган. У Остонадаги қурилиш ширкатларидан бирида ишлаб келган.
Унинг рафиқаси эса ҳали ҳам Ўзбекистон фуқаросидир.
Ҳозир бола Остонадаги касалхоналардан бирига ётқизилган. Ота-онаси эса Остона Ички ишлар бошқармасининг вақтинча тергов изоляторда сақланмоқда.
Мазкур ҳодиса юзасидан балоғатга етмаган болани сотиш айби асосида жиноят иши очилган.
Сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг ўз боласини сотувга қўйиши кўп учрамоқда.
Ўтган йил март ойида Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида 22 яшар ўзбекистонлик аёл тўрт кунлик чақалоғини 25 минг рублга сотишга уринганида қўлга тушди.
Апрель ойида Волгаград шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат рўй берди. Янги туғилган боласини 35 минг рублга пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди.
Кузатувчилар иқтисодий ночорлик ўзбекистонлик аёлларни боласини сотишга ундовчи асосий омил эканини айтишади
Лекин, Остона шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийларига кўра, боласини “Тойота” машинасига алмаштиришга уринган ўзбекистонлик жуфтлик иқтисодий ночор аҳволда бўлмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди