Президент Ислом Каримовнинг комага тушгани тасдиқланмади

Озодлик радиосининг Оқ саройга яқин манбаалари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг комага тушганини тасдиқлашмаяпти. Улар Каримовнинг соппа-соғ эканини айтишмоқда. Сўнгги кунларда Озодлик радиосига шу мазмундаги саволлар билан мурожаат қилувчилар кўпайганди. Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати президент Каримов 28 январь куни кечқурун Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Расмий Тошкент Каримовнинг комага тушгани ҳақида дунё матбуотида босилаётган хабарларга ҳозирча муносабат билдирмади.

- Оқ саройда Каримов қулади, дейишаяпти. Оғриб, касал бўлиб, қулаган экан. Қозоғистондаги телеканаллар, "Euronews" шу ҳақда хабар берди. Газеталар ҳам Каримов қулади, деб хабар бераяптида. Шу ростми? дейди Қозоғистондан қўнғироқ қилган Бек исмли ўзбекистонлик.

Ўзбекистонликлар¸ қолаверса хориж нашрларида бундай савол туғилишига мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати тарқатган хабар асос бўлган кўринади.

ЎХҲ президент Каримов 28 январь куни кечқурун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақида хабар тарқатди.

Ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳга кўра, Каримов ҳозир комадан чиққан, лекин ахволи оғир.

-Йигирма соатлар комада ётганидан сўнг уни докторлар комадан чиқаришган. Лекин у ўшандан бери ҳеч қаерга чиққани йўқ. Ётибди. Бу ҳақда бизга тўғридан-тўғри уни атрофидаги одамлар билдиряпти, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Марказий Осиё ва Россиядаги ўнлаб наршлар ва ахборот агентликлари Ўзбекистон мухолифатига таянган ҳолда бу хабарни эълон қилди.

Хусусан¸ Yandex қидирув сайти орқали президент Каримовнинг гўё комага тушганлиги ҳақидаги хабарни рус тилидаги 25 дан зиёд сайт кўчириб босганини кўриш мумкин.

Жумладан Россиянинг Росбалт, Қирғизистоннинг CA-News, Тожикистоннинг Asia-Plus ва Қозоғистоннинг Tengrinews каби етакчи ахборот агентликлари ҳам бу хабарни эътибордан четда қолдирмади.

Айрим нашрлар ҳатто президент Каримов ўлса, Ўзбекстон ва минтақани нима кутмоқда, каби саволларни муҳокама қилишни бошлаб юборди.

"Каримовнинг касал бўлиб қолганлигини ҳақида хабар мамлакат келажаги ҳақидаги саволни ўртага чиқарди", деб ёзди CA-News.

Росбалт эса ЎХҲ хабарига "ишончсизлик" билан ёндашиш кераклигини таъкидлай туриб¸ "Ўзбек диктатори оламдан ўтгудай бўлса, юзага келадиган вазиятни Иосиф Сталин ўлимидан кейинги вазият билан таққосласа бўлади. Тузум сақланиб қолади¸ аммо аста-секин емирилиб бориб охир-оқибат йўқ бўлади" деб хулоса қилди.

ЎХҲ хабарига Vesti.kg да ўз муносабатини билдирган минтақа хавфсизлиги бўйича таҳлилчи Артур Медетбеков, президент Каримовдан кейин Ўзбекистоннинг радикаллашган исломий мухолифати минтақани беқарорлаштириш орқали ҳокимиятга келишга уринишини башорат қилган.

Арманистоннинг News.аm ахборот агентлиги эса¸ Каримовнинг касаллиги ҳақида хабар пайдо бўлган куни Ўзбекистон 1-каналидаги Ахборот дастурида мамлакат енгил саноатидаги ютуқлар ҳақидаги одатий лавҳалар эфирга узатилганига эътибор қаратади.

"Кўнгилочар дастурлар кўплиги туфайли Каримовнинг касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабар ҳақиқатдан йироққа ўхшайди"? деб ёзадибу нашр.

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча президент Каримовнинг комага тушгани ҳақида дунё матбуотида босилаётган хабарларни шарҳлагани йўқ.

Хусусан¸ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Озодлик мухбири 5 февраль куни ëзма тарзда йўллаган саволларни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийларидан бири эса Озодлик саволига “Бу масала бизга тегишли эмас, бизда бу ҳақда маълумот йўқ“, деб жавоб қилди.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати 30 январь куни 77 ëшга кирган Ислом Каримовнинг ҳушидан кетгани ҳақда биринчи марта хабар тарқатаётгани йўқ.

ЎХҲ бундан аввал ўз саҳифасида ҳукуматдаги яширин манбаларига таяниб туриб¸ Каримовнинг ўтган йил март ойида гўёки юрак хуружини бошдан кечирганини иддао қилган эди.

Аммо бу хабардан бир неча кун ўтиб Ислом Каримовнинг Москвага амалий ташриф билан бориши унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги шубҳаларни чиппакка чиқарган эди.

- Юрак хуружини бошдан кечириб, тирик қилган бўлса¸ биз нима қилайлик! Ўшанда у инфаркт бўлган эди, биз бу ҳақда тўғри хабар берганмиз, бу ҳақда унинг атрофидаги одамлар бизга билдирган эди, деди Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ.

Ҳаракат сайтида ëзилишича, 30 январь куни кечқурун республика телевидениесининг “Ўзбекистон” канали режадаги “Опа-сингиллар” миллий телесериалининг навбатдаги қисмини кўрсатишни тўхтатиб¸ ўрнига президент Ислом Каримовнинг январь ўртасида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда ўқилган нутқини қайта эфирга узатган.

"Бу билан Ўзбекистон телевидениеси Каримовнинг комага тушгани ҳақидаги хабарларни рад қилишга уринди", деб ёзди ЎХҲ.

Кома бу ҳушдан кетиш, чуқур уйқу ҳолатидир. Ўзбекистон расмий матбуотида қариб бораëтган Ислом Каримовнинг соғлиги очиқ муҳокама этилмайди. Бу савол айни кунларда мамлакатда бошланган навбатдаги президент сайлови жараëнида ҳам тилга олинмаëтир.

Ҳозирча президентликка номзоди қўйилган тўрт даъвогарнинг бири мамлакатни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Каримовдир.

Соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар тарқалишидан бир неча кун аввал - 22 январь куни Олий Мажлис Сенатида янги сайланган ва тайинланган сенаторлар билан учрашган президент ва президентликка номзод Ислом Каримов 45 дақиқа маъруза қилиб¸ керак бўлса яна 25 йил ишлашни “ўз бурчи” деб билишини айтган эди.

Бу баëнотдан бир неча кун ўтиб¸ Ислом Каримовнинг комага тушган-тушмаганига оид на расмий инкор ва на тасдиқ йўқ бир вазиятда¸ аксар ўзбекистонликларни қизиқтираëтган Ислом Каримовнинг комага тушгани ростми? деган савол жавоби яна Каримовнинг жамоатчиликка кўриниш бериш-бермаслигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.