“Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи” Каримовни истеъфо беришга чақирди

Олмаота шаҳридаги “Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи” деб аталувчи ташкилот раҳбари Мурат Телибеков Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, уни истеъфо беришга чақирди.

77 ёшли президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар ортидан Қозоғистондаги ташкилот шундай мурожаат билан чиқди.

"Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи" ташкилоти раҳбари Мурат Телибеков Озодлик билан суҳбатда президент Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги борасидаги саволларни ўртага чиқаргани ва шу боис Каримов истеъфога чиқиши кераклигини таъкидлайди:

- Каримов ҳозирги вазиятда ҳукуматни топшириши керак. Чунки Каримовнинг аҳволи Ўзбекистонда муаллақлик ҳолатини юзага келтирган. Бу эса нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё хавфсизлигини хатарга қўяди,- дейди Мурат Телибеков.

Аввалроқ мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати президент Каримов 28 январь куни кечқурун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақида хабар тарқатди.

Мурат Телибековга кўра, Каримов комага тушмаган бўлса ҳам унинг ҳокимиятда узоқ йил ўтиришини ўзи касалликдир:

- Афсуски Каримов каби ҳокимиятга ёпишиб олиш касаллиги кўплаб мамлакатларда тарқалган. Бу эса ўта ёмон сиёсий нобарқарорликларга етаклаши тайин. Ҳозир Каримов 40-50 ёшда эмаски, уни соппа-соғ дейиш мумкин бўлса. У 78 қараб боряпти, - дейди Телибеков.

Ўзбекистонда президент Ислом Каримовга мамлакат хавфсизлиги гаранти, сифатида қарайдиганлар ҳам кўп.

Мурат Телибеков ҳам бунга қўшилишини айтади.

- Тўғри, балки шундайдир. Мен Каримовни оқил ҳукмдорлигини назардан соқит қилмайман. Лекин, кейин нима бўлади? Бу гарант йўқолганидан кейин Ўзбекистонни нималар кутмоқда? Қоғоздан ясалган қалъа бир кунда кум бўлиши мумкинку. Наҳотки ўзбекистонликлар мамлакатни бошқаришга қодир ақлли ва интизомли бошқа одам йўқ, деб ўйлашса. Бундай бўлиши мумкин эмас. Алмаштириб бўлмайдиган одам бўлмайди. Каримов ҳукуматни ҳозир бошқа қўлларга топшириши керак, - дейди Мурат Телибеков.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қатори Қозоғистон раҳбари Нурсултон Казарбоев ҳам чорак асрдан бери ҳокимиятда ўтирибдику, деган саволга Телибеков:

- Афсуски пост совет маконидаги кўплаб етакчиларнинг ҳокимиятга мана шундай ёпишиб олгани ўта хатарлидир, - деб жавоб қилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 28 январь куни кечқурун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақидаги хабарларни Марказий Осиё ва Россиядаги ўнлаб наршлар ва ахборот агентликлари Ўзбекистон мухолифатига таянган холда эълон қилди.

Лекин, Каримовнинг комага тушгани Озодлик радиосининг Оқсаройга яқин манбаалари тарафидан тасдиқланмади.

Уларга кўра, Каримов соппа-соғ. Айни пайтда ўзбек матбуоти президент Ислом Каримов жума куни сайловолди тадбирларида қатнашгани ҳақда хабар қилди.