Украина шарқида қуролли тўқнашувлар бошланган 2014 йил апрелидан буён камида 50 минг киши ҳалок бўлган, бу эса расмий маълумотларда келтирилаётган рақамлардан ўн баробар кўпдир. Бу ҳақда Германияда чиқадиган The Frankfurter Allgemeine Sanntagszeitung газетаси немис разведкасидаги ўз манбаларига таянган ҳолда ёзиб чиқди.
8 февраль куни чоп этилган мақолада қурбонлар ҳақида БМТ ва Украина расмийлари томонидан тақдим этилаётган маълумотлар камайтириб кўрсатилаётгани қайд этилади.
Украина президенти Петро Порошенко шанба куни Мюнхендаги халқаро конференцияда чиқиш қиларкан, Донбассда Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида содир бўлган жанглар оқибатида 1200 ҳарбий ва 5400 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини билдирганди.
БМТ вакиллари эса 3 февраль куни Украина шарқидаги қуролли тўқнашувлардан 5400 га яқин одам нобуд бўлгани ҳақида маълумот тарқатганлар.