Бош қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр ўзбекистонлик таниқли диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов озод этилгани билан Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ умумий манзара ўзгаришсиз қолаётганини айтди.
12 февраль куни Озодлик билан суҳбатда Йоҳан Биҳр Ўзбекистонда яна камида тўққиз журналист қамоқда қолаётганини эслатиб, ҳукумат уларни ҳам озод этиши кераклигини таъкидлади:
- Хайрулла Ҳамидов озод бўлганидан қувончимиз чексиз, албатта. Унинг қамоққа олинганидан жуда хавотирда эдик. Aфсуски Ҳамидов озодликка чиқарилганига қарамай¸ Ўзбекистондаги матбуот эркинлигининг абгор аҳволи ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳозирда камида тўққиз журналист Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекмоқда, қийноққа солинмоқда. Хайрулла Ҳамидовнинг озод этилганидан мамнунмиз, лекин буни Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аҳволи яхшиланаётгани белгиси деб айтолмайман, дейди Йоҳан Биҳр.
2010 йилда ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланиб, олти йилга қамалган Хайрулла Ҳамидов 11 февраль куни озодликка чиқарилди.
Халқаро ташкилотлар, жумладан Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Хайрулла Ҳамидов ва у қатори қамалган сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар қилиб келган.
Йоҳан Биҳр ўзбек режимининг Хайрулла Ҳамидовни ҳибсга олиш учун кўрсатган сабаблари бошданоқ шубҳали бўлганини айтади:
- Хайрулла Ҳамидовнинг диний ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ўтмишидан хабардормиз. Шуни ҳам таъкидламоқ керакки, у ўзининг “Холислик сари” дастури орқали бутун мамлакат бўйлаб кенг оммани атрофига тўплай олди. Тўғри¸ бу кўрсатув анъанавий исломий қадриятлари ҳақида бўлган. Айни пайтда Ҳамидов Ўзбекистонда расмий матбуот кўтармайдиган долзарб ижтимоий муаммоларни ҳам кўтариб чиққан журналист бўлган, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр.
Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 12 февраль куни эълон қилган Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 166-ўринга қўйилди.
- Ўзбекистонда ўтган йили матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ўзгаргани йўқ, бу мамлакат ҳали хам матбуотни бўғувчи дунёдаги энг қаттол режимлардан бири бўлиб қолмоқда. Биз яна бир бор Ўзбекистон ҳукуматини касбий фаолияти учун қамалган ва қамоқхоналарда азоб чекаётган қолган журналистларни озод қилишга чақирамиз, дейди Йоҳан Биҳр.
Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати бу каби халқаро ҳисобот ва даъватларга бевосита муносабат кўрсатгани¸ ëхуд қолган журналистларни озод қилиш ниятини кўрсатганича йўқ.
Аксинча¸ қамоқда қолаëтган тўққиз нафар журналистдан бири¸ 60 яшар Муҳаммад Бекжоннинг 13 йиллик қамоқ жазоси 2012 йил феврал ойида тугаши арафасида яна қўшимча 4 йилу 8 ойга узайтирилди.
Мухолифатчи журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 15 йилдан буён қамоқда қолмоқда.