Каримов ўз тенгдошлари – чол-кампирларни турли клубларга жалб қилмоқчи

Ислом Каримов лазгига рақсга тушмоқда.

Ўзбекистон президенти 18 февраль куни “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури тўғрисидаги қарорини имзолади.

Муқаддимасида айтилишича, мазкур ҳужжат “Кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш..., шунингдек, 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан” қабул қилинган.

Мавҳум вазифалар

Қарорнинг асосий қисмида "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифа ва йўналишлари белгилаб қўйилганки, улар муқаддимадаги гапларнинг бироз кенгайтирилган варианти, холос.

Масалан, қарорнинг дастлабки бандида “кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари, шу жумладан, турли маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олиш хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш” вазифаси белгилаб қўйилган.

Излаб топилган конкретика

Қарордаги умумий ва мавҳум, масалан, “оила ва жамиятда ёши улуғ инсонларнинг ўрни ва обрўсини ошириш, болалар ва ёшларни ота-оналарни, ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича аниқ тадбирларни амалга ошириш” каби гаплар орасидан зўр иштиёқ ва ҳукуматга хайриҳоҳлик билан излаган одам конкретика ҳам топиши мумкин.

Масалан, “турли маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олиш хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш”, “фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш” каби.

Кексалар учун спорт майдончалари?

Ўзбекистон президенти қарори оғишмай бажарилгудай бўлса, бу йил жойларда кексалар клублари, улар учун спорт майдончалари пайдо бўлишини кутиш мумкин.

Ҳужжатда, жумладан бундай дейилган: “…кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, бунда улар учун туман ва маҳаллаларда мулоқот марказлари, қизиқиши бўйича клублар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш…”

Пул кетмайдиган давлат дастури

Шуниси қизиқки, 18 февраль куни имзоланган “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилиши айтилмаган.

Ҳужжатга кўра, қанчалиги номаълум маблағ бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан ажратилади: “кексалар, авваламбор, фашизм устидан қозонилган ғалаба ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш учун маҳаллалар, "Нуроний" жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш миқёсини ошириш” назарда тутилган президент қарорида.

PR дастурлар

Маълумки, ҳар қандай давлат дастури унда назарда тутилган соҳада туб бурилиш ясаш учун қабул қилинади.

Ҳар қандай туб ислоҳот эса, қарорларда “ошириш, кучайтириш, такомиллаштириш, кенгайтириш, янги босқичга кўтариш, қўллаб-қувватлаш” каби сўзларни ишлатиш билангина амалга ошиб қолмайди.

Ҳар қандай туб ислоҳотни амалга ошириш учун давлат сарф-ҳаражатларни ҳисоблаб чиқиши, ислоҳот ўтказилиши режалаштирилган йил бюджетининг чиқимлар қисмида ўша ҳаражатлар назарда тутилиши, бунинг учун ҳукумат бу йўналишда камида бир йил олдин бош қотиришни бошлаши керак.

Фақат Ўзбекистонда бундай эмас. Масалан, Ўзбекистоннинг 2015 йил учун давлат бюджети 2014нинг ноябрида қабул қилинган.

Ўзбекистон президенти “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури тўғрисидаги қарорини давлат бюджети қабул қилинганидан қарийб 3 ойдан сўнг - 18 февраль куни имзолади.

Ҳар мажлисда шу бўлар такрор...

Ўзбекистонда, аслида ҳар йили шундай. Президент ҳар йили Конституция куни муносабати билан ўтказиладиган йиғилишда келаси йил қандай номланишини эълон қилмагунча, бу ҳақда ҳеч ким, ҳатто бош вазир ҳам билмайди. Натижада янги йилнинг январь ё февралида “ошириш, кучайтириш, такомиллаштириш, кенгайтириш, янги босқичга кўтариш, қўллаб-қувватлаш” каби сўзлардан иборат пиар ҳужжат пайдо бўлади.