Президент Ислом Каримов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

Ислом Каримов 19 февраль куни Қарши ва Термиз шаҳарларида сайловчилар билан учрашди.

19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Ислом Каримов Қарши шаҳрида қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди. Қашқадарё вилояти марказидаги “Ўзгазтрансстрой” ширкатининг мажлислар залида ўтган учрашувни 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси И. Жўраев бошқарди ва учрашувда номзод Ислом Каримов сўзга чиқди.

“Президентимиз ўз сўзларида доим қашқадарёликларга суянишини, бу воҳаниниг одамлари мард ва танти бўлишини кўп такрорладилар. Бу кунларга осонлик билан келмаганимиз, халқимиз ҳаёти фаровонликда ҳеч бир жойдан қолишмаслиги кераклигини айтдилар. У киши шу юрт учун керак бўлса, жонимни беришга тайёрман деганлари биз сайловчиларни тўлқинлантириб юборди”, деди “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими фаолларидан бири.

Озодлик манбаларига кўра, президент Каримов келиши кутилаётган Шаҳрисабз шаҳрида бир неча кундан бери ҳашарлар ўтказилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, Қашқадарёда президентликка номзод Ислом Каримовнинг ташрифига 15 кун аввал тайёргарлик бошланган. Учрашувда иштирок этган 320 нафар сайловчининг ҳар бири суҳбатдан ўтказилган, иштирокчиларнинг костюмлари бичимидан ториб, соч турмакларигача қай тартибда бўлишига кўрсатма берилган.

Шунингдек, Озодликнинг Қашқадарёдаги манбаларининг айтишича, Ислом Каримов келиши кутилаётгани боис вилоятнинг Шаҳрисабз шаҳрида бир неча кундан бери ҳашарлар уюштирилмоқда. Лекин манбаларимизга кўра, Каримов Шаҳрисабзга ташриф буюрмаган. Пайшанба куни президент Қарши шаҳридан ташқари қўшнги Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрида ҳам сайловчилар билан учрашган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Қашқадарё вилоят матбуот марказининг ўзини танитмаган ходими “Озодлик”капрезидентликка номзод Ислом Каримов билан сайловчиларнинг учрашуви сайлов қонунчилиги доирасида ташкил этилганини таъкидлади. Учрашув тафсилотларига тўхталмаган матбуот маркази ходими тегишли тартибда аккредитациядан ўтган журналистларгагинамаълумот берилишини таъкидлаш билан чекланди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов номзоди Ўзбекистон Республикаси президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан томонидан илгари сурилган ва Марказий сацлов комиссияси томонидан 2015 йилнинг 14 февралида рўйхатга олинган.

Президент сайловида тўртинчи марта иштирок этаётган Ислом Каримовдан ташқари 29 мартга белгиланган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш халқ демократик партиясидан Акмал Саидов ва "Адолат" демократик партиясидан Нариман Умаровлар номзоди илгари сурилган.

Мамлакатни 25 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг сайловда ғалаба қилиши башорат қилинмоқда.