Ливия шарқида 20 февралда худкушлар томонидан содир этилган уч портлашда камида 45 киши ҳалок бўлди ва 70 киши яраланди.
Хабарларга қараганда, худкушлар Кубба шаҳридаги ёнилғи қуйиш шаҳобчасида, полиция биноси яқинида ва Ливия парламенти қуйи палатасининг спикери Оқил Солиҳ Қувайдарнинг уйи олдида машиналарни портлатган. Қувайдарга шикаст етмагани айтилмоқда.
Расмийлар портлашлар 16 февраль куни Миср авиацияси Кубба шаҳридан узоқда бўлмаган Дерна шаҳридаги жангарилар позицияларини бомбардимон қилгани учун ўч олиш мақсадида уюштирилган деган таҳминни билдирмоқда. Миср “Исломий давлат” гуруҳи 21 мисрликнинг қатл этилишига оид видеони эълон қилганига жавобан Ливиядаги жангарилар масканини бомбардимон қилган эди.