Amnesty International (Халқаро Амнистия) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти чиқарган йиллик ҳисоботга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар ва бошқа турдаги таҳқирлашлар ҳозир ҳам мунтазам қўлланилади ва кенг тарқалган. Ўзбекистон расмийлари ҳуқуқ-тартибот идоралари зобитлари томонидан қийноқлар қўлланиши ҳақидаги даъволарни инкор этади ва “ишончли хабарларни” изчил текширишмайди, дея таъкидланади ташкилот ҳисоботида.
Унга кўра, давлатга қарши ва терроризмда айбланганларнинг жазо муддатлари “асоссиз узайтирилади ва кўплар зарурий тиббий ёрдамдан маҳрум”.
Ҳисоботга кўра, баъзи маҳкумлар жазо муддатлари “қамоқхона тартибини бузиш” важи билан бир неча бор узайтирилган.
Жумладан, Amnesty International Ўзбекистон парламентининг собиқ вакили Мурод Жўраевни тақдирини мисол қилиб келтиради.
63 ёшни қарши олган Мурод Жўраев 20 йилдан буён қамоқда сақланмоқда.
Мурод Жўраев халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистондаги энг узоқ муддатли сиёсий маҳкум сифатида эътироф этилган.
Ҳозирга қадар унга 1995 йилда берилган 12 йиллик қамоқ жазоси бир неча бор узайтирилди.
Унинг аёли Холбека Жўраева Озодлик билан суҳбатда эрининг соғлиги ўта ёмонлашганини айтди.
“Қўрқиб кетаман. Скелетга ўхшаб қолганлар. Қоринларида грижа пайдо бўлган. Пиёладек келади. Нимага айтмаяпсиз, деб сўрасам..., сайловлар келаяпти, чиқариб юборишар..., бориб ишончли докторларга операция қилдираман, дедилар,” – деди Холбека Жўраева.
“Даволаниш ҳуқуқи”
Amnesty International қамоқхоналарда сиёсий маҳкумларнинг тиббий даволаниш ҳуқуқи поймол этилаётганига алоҳида эътибор қаратади.
Мисол тариқасида ташкилот 2014 йил ёзида саратондан вафот этган Абдурасул Худойназаровга кўрсатилган муносабатни келтирган.
Ташкилот даъво қилишича, аҳволи мунтазам ёмонлашиб борганига қарамасдан, Абдурасул Худойназаровга саккиз йил давомида тўлақонли даволаниш имкони берилмади.
Маҳкум ўлимидан бир неча ҳафта олдин озод этилганди.
Тиббий ёрдам кўрсатилмагани учун охирги бир йил ичида камида икки нафар маҳбус оламдан ўтди, дейилади нуфузли халқаро ташкилот ҳисоботида.
Даволанишга муҳтож маҳкумлар ўладиган даражага келгунича тиббий ёрдам кўрсатилмайди, дейди ташкилот.
Кузатувчиларга кўра, Бирлашган Миллатлар ва бошқа халқаро ташкилотларнинг шафқатсиз муомалага чек қўйиш чақириқлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан жавобсиз қолмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати қийноқларнинг мунтазам қўлланишини рад этади ва мамлакат жазони ижро этиш тизими “дунёдаги энг либерал тизимлардан бири” эканини даъво қилади.
Расмий Тошкент ҳуқуқ-тартибот ходимларининг инсон ҳақларига доир билимларини ошириш мақсадида кенг маърифий дастурларни йўлга қўйганини айтади.