Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи 7 яшар қизалоқни зўрлаган 15 яшар ўсмир тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ўсмир Бешариқдаги мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси, қизча ҳам шу мактабнинг 1-синфида ўқийди. Ҳозирда ушбу воқеа учун мактаб раҳбариятини жазолаш масаласи кўрилмоқда.
Ўтган ҳафта Бешариқ туман жиноий ишлар суди 2000 йилда туғилган ўсмирни 7 яшар қизчани зўрлашда айбдор деб топди ва унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Қизча ва ўсмирнинг исм-шарифи ва улар ўқийдиган мактаб номи Озодликка маълум. Бироқ аҳлоқий жиҳатдан Озодлик бу маълумотларни очиқламаяпти.
Ўсмир ўқиган мактаб ходимларидан бирига кўра, ўсмирга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, у “Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш”да айбланган.
Ушбу моддада қайд этилган жиноятни содир этган шахсга 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Бешариқлик манбага кўра, маълум сабабларни инобатга олиб ўсмирнинг жазо муддати қисқартилган. Лекин манба бу сабабларни очиқламади.
Бешариқ туман ҳокимлигидаги бир манбага кўра, воқеа 2014 йилнинг ноябрь ойида содир бўлган ва тергов-суриштирув ишлари ҳамда маҳкама жараёни қарийб уч ой давом этган.
Ҳозирда Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси қизча ва ўсмир ўқиган мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб руҳшуноси ҳамда синф раҳбарларига қандай жазо кўриш масаласини муҳокама қилмоқда.
Шу кунларда 11 яшар синглисини зўрлаган Хоразмнинг Гурлан тумани Гулистон қишлоғида яшовчи 18 яшар коллеж ўқувчисининг тергов жараёни давом этмоқда.
13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 25 яшар йигит 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.