Ўзбекка ўхшаган Листьев билан Немцов ва Онам (Блог)

Владислав Листьев

Икки кун олдин Борис Немцовни отиб кетишди.

Влад Листьевни отиб кетганларига кеча 20 йил тўлди.

Раҳматли онам Борис Немцовни танимасди. Онам тириклигида Немцов Новгороднинг губернатори эди. Онам учун губернатор-пубернаторлар кичкина одам эди.

Онам Владни танирди. Унинг “Поле Чудес”ини кўрарди.

“Тема”синиям кўрарди.

“Час Пик”иниям кўраверарди, ўрисчани мутлақо билмасаям.

Ҳатто “да-нет-издрасти”ниям билмасди.

Ўтган асрнинг 20-йилида Шаҳрихонда туғилган онамни большавойларнинг чаласаводликни битириш курслари чаласавод даражасигагина етказган, натижада онам бирон қоғозга қўл қўйиши лозим бўлса, ўзбекнинг эски лотин ёзувида (1940 йилгача ишлаган ёзув) Raziahan, деб ёза биларди холос.

“Николайнинг ёғини ялаган” бойлардан бири – Ёқубжонбойнинг қизи бўлишига қарамай, янги замонда туғилган Розияхонга анъанавий диний билим (“эскича”) ҳам берилган эмас, натижада 60-йилларнинг ўрталарига келиб, онам намоз ўрганишга жаҳд қилганида оғирликнинг каттаси менинг кичкина елкаларимга тушган.

Алифбенинг “Лола, ош ол; Ош ол, Лола” қисмини эндигина туширганман. Онам ҳар кун азонда уйқумни бузиб, мажбур турғазади. Ўзи жойнамозда, ёнида мен қўлимда бир варақ қоғоз билан, бирга намоз ўқиймиз.

Қоғозда кирилда ёзилган Фотиҳа сураси: мен ўқийман, онам такрорлайди, мен ўқийман, онам такрорлайди...

Кундалик сиёсий-ижтимоий информацияни қабул қилиш учун элементар базаси йўқлигига қарамай, онам ҳар куни “Ахборот”ниям, “Время”ниям қолдирмай кўраверарди.

Влад Листьевнинг “Час Пик”иниям кўраверарди.

Владнинг суҳбатдошларига ўзича баҳо берарди.

“Ёмон одам экан, кўзлари хунук”, дерди ёқмаса.

“Пирзидент бўларканми бу киши”, дерди Владнинг суҳбатдоши ёқса.

Владнинг ўзига эса, бир гал, онам ўзининг энг олий баҳосини берганди:

“Болам, бу бола ўзбекми?”

“Нима деяпсиз, буви, ўрис у, ўрис, кўрмаяпсизми, ахир Москвадан гапираяпти, ўрисча гапираяпти?!”

“Билмасам, истараси иссиқ-да...”

Владни отиб кетишганида онам 75 ёшда эди.

Владни отиб кетишганда онам йиғлаган.

Намозида дуосига Владниям қўшган бўлса ажаб эмас...

Онам муросасиз аёл эди. Ёлғон ишлатган қўшниси билан йиллаб алоқани узарди.

Онам учун бу дунёда оқ ва қора ранг бор эди.

Онам учун чиройли одам – яхши одам, хунук одам ёмон одам эди.

Тирик бўлганида “ўзбекка ўхшаган истараси иссиқ одам” Немцов учун ҳам кеча йиғлаган бўларди онам.

Намозида дуосига Борисниям қўшган бўларди, менимча.

Айтмоқчи бўлганим шу ерда тугади.

Лекин кўнглимда яна нимадир қолиб кетаётгандай.

Нима у?

Балки онам раҳматли ўзбекка ўхшатган Влад ва ўхшатиши мумкин бўлган Борисга ўхшашларни ўзбекнинг орасидан излаётгандирман?

Балки излаб тополмаётгандирман?

Нега тополмаяпман?

Нега?