Таниқли ўзбекистонлик фотосуратчи Умида Аҳмедова Ўзбекистондан Россияга чиқарилмади. Тошкент аэропорти мулозимлари унинг Россияга кириши тақиқланганлар рўйхатида эканини айтиб, ортга қайтарди. Умида Аҳмедова эса Россия ФМСи расмий базасида тақиқ қўйилганлар орасида эмаслигини аниқлагач, бунинг маҳаллий ва Россия махфий идоралари “ташаббуси”, деб даъво қилмоқда.
27 февраль куни Россиянинг Воронеж шаҳридаги фотосимпозиумда иштирок этишга йўл олган таниқли ўзбек фотосурачи ва киноҳужжатчиси Умида Аҳмедова Тошкент аэропортидан ортга қайтарилди.
Умида Аҳмедова Озодлик билан суҳбатда UTair авиакомпаниясининг Тошкент аэропортидаги вакили Н.Х.Арифджанов имзоси остида берилган билдиришномада Россия Федерацияси Чегара хизмати томонидан унинг Россияга кириши ман этилгани сабаб қили келтирилганини айтади.
- Воронеж шаҳридаги халқаро кўргазмага кетаётган эдим. Россия Фотосуратчилар уюшмасининг Воронеждаги раиси Елена Типалкина таклиф қилган эди. 27-февралдан 28-февралга ўтар кечаси UTair авиакомпаниясининг 806-рейсига аэропортга келдим. “Бизларнинг ҳеч қанақа алоқамиз йўқ: сизга “запрет” бор. Запретни Россия юборади бизга”, дейишди. Бироз кутганимдан кейин, UTair авиакомпаниясининг вакили – Орифжонов деган одам: “Сизга депорт қўйган”, деб мана шу маълумотномани берди, - дейди Умида Аҳмедова.
Фотосуратчига тақдим этилган маълумотнома “Тошкент-Внуково йўналиши бўйича учаётган Умида Аҳмедовага “UTair авиакомпаниясининг ходимлари ва ФСБнинг “Внуково” аэропортидаги Чегара хизмати отряди ваколатли шахсларининг Россия Федерациясига киришдан олдин шахсларни текшириш бўйича ҳатти-ҳаракатлари тартиби”га мувофиқ “Россия Федерациясига кириш ман этилган” деб ёзилган.
Аммо, Умида Аҳмедова Россия Федерал миграция хизмати сайтидаги “Ахборот хизматлари” бўлимидаги маълумотлар базасида Россияга кириши ман этилган хорижликлар рўйхатини топди ва унда ўз исмининг йўқлигини аниқлади.
Маълумки, Россия Федерациясига турли важлар асосида кириш тақиқланган хориж фуқаролар маълумотлари базаси Россия Федерал миграция хизматининг расмий сайтида келтирилган. Муайян муддатга Россияга кириш ман этилган ва бадарға қилинганлар мамлакатнинг хавфсизлик хизматига қарашли Чегара хизмати, бевосита ФСБ, ФМС, полиция тақдимоти билан суд қарори асосида “қора рўйхат”га киритилади.
У бундан олдин Россия қонунларини бузмагани, охирги маротаба 19 август куни Осетиянинг Владикавказ шаҳрида атиги 3 кун бўлгани ва муаммосиз қайтиб келганини айтмоқда.
Озодлик билан суҳбатда фотограф Ўзбекистондан чиқишга таъқиқ маҳаллий ва Россия махфий идора вакилларининг норасмий буйруғи экани тўғрисида тахминлари борлигини айтди:
- ФМС базасидан текширдим, Россия миграция қонунларини бузган одамлар рўйхатида йўқман! ФСБ менга нисбатан қандай дастлабки текширув олиб борган бўлиши мумкин?! Мен, асосан, ижодий ишлар билан Россияга борсам, уларнинг қонун-қоидаларини бузмаган бўлсам?! “Бўрини оғзи еса ҳам, емаса ҳам қон”, деган гап бор. Мен “қора рўйхатда” турганим учун ҳар эҳтимолга қарши “Нима бор у ерда унга?! Ўтираверсин шу ерда!”, деган бўлса керак-да. Маълумотномада печать йўқ, Ўзбекистонни ўзидан қайтариб юборгандан кейин, у ер қонунларини бузмаганимдан кейин нима хулоса чиқариш мумкин?! Балки эртага паркентга ҳам ота-онам қабрига боришга рухсат бермас... Ҳайронман, - дейди суҳбатдош.
Ҳозирда фотосуратчи унга қўйилган тақиқ сабабларини билиш мақсадида Россия расмий идораларига мурожаат қилмоқчи.
Умида Аҳмедова яқин вақтда Москванинг “Крокус” марказида “Фотография юлдузлари” рубрикасида ўзининг кўргазмаси очилиши кутилаётганини ҳам айтди.
Бундан олдинроқ, жорий йилнинг январь ойида “Азаттық” Радиосининг Қозоқ хизмати фототанловининг Махсус Лойиҳа категориясида ўзининг “Тошкент қозоқлари” номли тўплами билан ғолиб деб топилди. Бу фототўплам ҳозирда Радионинг энг кўп кўрилган саҳифасига айланди. Худди шу фотосуратлар Британиянинг “The Guardian” нашрида ҳам қайта чоп этилди.