Президентнинг собиқ маслаҳатчиси МХХ институтига директор бўлди

МХХчиларни тайёрлайдиган ўқув юртига президентнинг ташқи сиёсатини белгилаган мутахассис келди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида кадрлар алмашинуви давом этомқда. Хабарларга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар вазирлиги тизимларида республика ва вилоятлар миқёсларида янги мулозимлар тайинланган. Озодлик манбаларига кўра, МХХ Институти раҳбари этиб тайинланган Равшан Алимов бир пайтлар Ўзбекистон давлат сиёсатини белгилашда иштирок этган нуфузли шахслардан бири бўлган. Хавфсизлик тизимлари шахсий таркибида қарийб бир йил аввалроқ бошланган “тозалаш” тадбири, Озодлик манбаларига кўра, яна нуфузли гуруҳлар ўз одамларини бўшаб қолган лавозимларга тайинлаши билан якунланмоқда.


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати институти раҳбарлигига Равшан Алимов тайинланган. Бу ҳақда ўзининг ишончли манбаларига таяниб, хабар қилган Узметроном нашрига кўра, бу одам шу йилнинг бошида оламдан ўтган президент собиқ маслаҳатчиси Тимур Алимовнинг жиянидир.

Лекин Озодликнинг бир биридан мустақил икки манбаси, 53 ёшли Равшан Алимовнинг марҳум давлат маслаҳатчисига қариндошчилик алоқаси йўқ, дея билдирди.

Озодлик манбаларининг билдиришича, Равшан Алимов сўнгги ўн йил давомида ҳозирда раҳбарлик лавозимини эгаллаган МХХ институтида кафедра мудири сифатида ишлаб келган. Ундан аввал эса, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори лавозимида ишлаган.

“Равшан Мирзамуротович Алимовнинг Темур Алимовга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У МХХдан чиққан малакали мутахссисдир. У Тошкент давлат университетининг журналистика факультетинитугатган. Отаси КГБда ишлаган ва кейинчалик ўзи ҳам МХХнинг кадровий зобитига айланди. У Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сифатида президентнинг ташқи сиёсат бўича давлат маслаҳатчиси ва Хавфсизлик кенгаши аппаратининг доимий аъзоси бўлган”, дейди Озодлик манбаси.

Озодликнинг бошқа манбасига кўра, Равшан Алимов 36 ёшида фан номзоди мақомини ёқлаган ёш кадр сифатида 2000 йилларнинг бошида давлат раҳбарияти назарига тушган.

“У информацион хавфсизлик мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган ва кўп ўтмай Ўзбекистондаги энг нуфузли идоралардан бири – стратегик тадқиқотлар институти раҳбарлигига тайинланган эди. Унинг диссертацияси ахборот хавфсизлиги мавзусида бўлгани боис давлат сирига тенгаштирилган эди”, дейди Озодлик манбаси.

Бу суҳбатдошимизнинг айтишича, Равшан Алимов ҳамкасблари орасида ўзининг ғарбпараст қарашлари билан танилган ва унинг 2004 ёки 2005 йилда ишдан олинишига Тошкентнинг ғарб билан муносабатлари ёмонлашувига боғлиқ бўлган.

Лекин, дейди Озодлик манбалари, унинг МХХ институти директори этиб тайинланишида гео-сиёсий сабабларни қидирмаслик лозим.
“У жуда малакали кадр бўлгани учун, бир муддат давомида ўзига хос тарзда жазоланиб, яна хизмат пиллапоясидан кўтарилаётган кўринади”, дейди Озодлик манбаси.

Узметроном нашрининг яна ёзишича, МХХ Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи лавозимига ҳам янги одам тайинланган. Исмини келтирмаган Узметроном, айни пайтда, янги бошлиқ МХХ раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Ғуломовнинг жияни эканини қайд этди.

Узметроном бош муҳаррири Сергей Ежков, МХХдаги кадрлар алмашинуви ҳақида ўз сайтида эълон қилинган маълумотдан ортиқ изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Айни пайтда, МХХдаги кадрлар алмашинуви куч ишлатар тизимларда рўй берган ягона ўзгариш эмас. Душанба куни Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги тизимида қатор янги одамлар раҳбар лавозимларига тайинлангани ҳақида маълум қилинди. Вазирликнинг “Постда” нашри берган хабарга кўра, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг тергов бошқармаси бошлиғи лавозимига Дониёр Тошхўжаев тайинланган. Бундан ташқари вилоят ва туман миқёсидаги бўлим ва бошқармаларга ҳам янги бошлиқлар тайинланган.

Ўзбекистон ҳокимият тизимларида ўз манбалари бўлган Узметроном бош муҳаррири Сергей Ежковнинг Озодликка айтишича, бунга қарийб бир йил аввалроқ ички ишлар тизимларида бошланган “тозалаш” тадбирининг якуний босқичи сифатида, 2013 йил охирида вазир лавозимини эгаллаган Адҳам Аҳмадбоевнинг ўз одамларини тайинлаши, деб қараш мумкин.

- Янги вазир ҳаммани алмаштирмоқда. Аввалги вазир тайинлаган одамларни четлатмоқда, бор гап шу, дейди Ежков.

2014 йил бошидан бери ички ишлар, МХХ, прокуратура, божхона тизимларида юзлаб одам ишдан олинди ва кўплари қамоққа ташланди.
Хусусан, МХХ полковнигиЖавдат Шарифxўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, озодликдан маҳрум қилингани ҳақида Озодлик ўз манбаларига таяниб, хабар қилган. У Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг ўринбосари генерал Ҳаëт Шарифxўжаевнинг укасидир.
Шунингдек, Ўзбекистондаги яна бир нуфузли шахс, Марказий банк раиси Файзулла Муллажоновнинг икки ўғли ишдан олинди. Абдумажид Муллажонов ўтган йилнинг октябрида Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимидан четлатилган эди, шу йил бошроғида эса унинг укаси Абдужаббор МуллажоновБош прокуратуранинг молиявий жиноятларга қарши кураш департаментидаги лавозимидан олинди.