Ангор бозорининг ҳокимлик бузмоқчи бўлган дўконлари ëниб кул бўлди

Ëнғиндан кейинги бозор.

18 мартга ўтар кечаси Сурхондарëнинг Ангор тумани марказида жойлашган буюм бозорида чиққан кучли ëнғин оқибатида бозорнинг тўртдан бир қисми куйиб кулга айланди. Озодликка мурожаат қилган савдогарлар тахминича¸ ëнғин оқибатида бир неча миллиард сўмлик янги келган кийим-кечак ëниб битган. Айнан ҳокимликнинг эски русумдаги акфа дўконларини бузишига розилик бермай келган савдогарлар жойлашган айвонга ўт тушиши¸ унинг қасддан уюштирилганига ишорат сифатида талқин қилинмоқда.

Озодликка мурожаат қилган ангорлик савдогарга кўра¸ ëнғин 17 мартдан 18 га ўтар кечаси соат учларда бошланган:

- Бизда ҳар чоршанба¸ шанба куни саҳарда оптом куни бўлади¸ шунга сешанба кечқурун роса кўп янги мол келади. Кеча кечқурун оптомчилар келиб мол туширган¸ дўконларга жойлаштиришган. Ҳамма нарса жойида бўлган. Саҳарга етмай ëнғин хабари тарқаб¸ келишса¸ ҳамма нарса ëниб бўлган. Нечта пожарний машина келиб ўчиролмади¸ дейди Ангор бозорининг ëнғиндан омон қолган қисмида савдо қилувчи маҳаллий тадбиркор.

Ангор туман Ëнғин хавфсизлиги хизмати расмийси ëнғин хабарини тасдиқлай туриб:

- Бизнинг болалар бориб¸ бир бало қилиб ўчириб келишди. Лекин жуда кўп нарса ëнди. Одамнинг ичи ачийди бунча молга. Ҳозир бошлиқлар¸ катта инспекторлар ўрганаяпти. Ҳозирча ëнғиннинг қаердан чиққани ҳақида аниқ хулоса йўқ. Бўлсаям¸ бизга ўхшаган кичкина одамларга айтишмайди¸ деди.

Озодлик гаплашган ангорликлар¸ ëнғиннинг қисқа туташув оқибатида чиққани ҳақида расмий гап-сўзлар юрганини айта туриб¸ оддий халқ бу хулосага кўп ҳам ишонмаëтганини қўшимча қилдилар:

- Ҳокимлик акфа дўконларни бузиб¸ бозорни янгидан қуришни бошлаган. Бир қисмида дўконлар ғиштдан қурилиб¸ ишгаям тушаяпти. Акфа дўконлар бузилиб¸ ўрнига ғиштдан қурилиши керак эди. Ëнган айвондаги комерсантлар бунга рози бўлмаëтган эди. Ўзи акфаниям фалон пулга қуриб¸ жойигаям фалон пул тўлаган эди одамлар. Энди Абу Сахийдақа қиламан деб¸ ҳокимлик уларга босим қилаëтган эди. Одамлар кеча ярим кечаси сариқ таксида иккита формали аëл келиб¸ акфа дўконларга махсус ўт қўйди¸ деяпти. Ҳар қалай бозорнинг бошқа қисми ëнмаганига қараганда¸ бу гапларда жон йўқ эмас¸ дейди ангорлик савдогар.

Ангор бобо (тахаллус)¸ район марказидан энг йирик буюм бозоридан пиëда боргулик масофада яшайди. Бу суҳбатдошга кўра¸ 18 март куни маҳаллий халқ оғзидаги асосий янгилик бўлган бозорнинг ëниши ортида налогчилар босишидан қўрққан савдогарлардан кимдир¸ ëки ҳокимлик ва акфа дўконлар жойини олишдан манфаатдор одамлар тургани ҳақида тахминлар роса урчиган:

- Шундай гурунглар бор. Одамларнинг жонига текканидан кейин ҳар нарса қилади. Бу ëқдан келиб налог судрайди¸ бу ëқдан келиб департамент олиб қўяди товаринг айланма йўл билан келган деб. Жонига теккан биттаси бўлса¸ ўт қўйиб юборганда!

Ҳокимликнинг мафия экани бор гап. Олдинги зданияларни ўпириб¸ ундай эмас¸ бундай қилиб қурасан деб¸ бульдозер билан сурдириб ташлаб¸ планини ўзи чизиб¸ бозорчиларни зўрлаб акфа дўкон қурдиртирган эди. Шўрлик халқ айтганини қилди. Энди яна бузаяпти уни. Энди акфа эмас¸ ғиштдан қурасан деяпти. Халқни эзиб ташлади булар¸ бир ўлиши қолаяпти. Ҳокимликнинг ўзидан чиқади бунақа иш. Буларнинг порошоги бор¸ бир айлантириб сепиб чиқиб¸ гугуртни ëқиб юборса¸ соляркадай аланга олади. Шунақа порошок сепган бўлса¸ гувиллаб ëнди-кетдида¸ дейди ангорлик суҳбатдош.

Ўзбекистонликлар учун тирикчилик қилишнинг асосий воситасига айланган савдо-сотиқ маркази бўлмиш бозорларда ëнғин ҳоллари тез-тез учраб туради.

Тошкентдаги "Тахта бозори" ëниши ортидан айнан бозорлардаги ëнғин мавзуида Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан суҳбатлашган маҳаллий журналистлардан бири¸ бозор ҳудудини бўлишиш устида келиб чиқадиган можароларга кўпинча айнан қасддан ўт қўйиш орқали ечим топилишни таъкидлаган эди:

- Бозор ҳозир жамиятимизнинг энг "босар-тусарини", яъни ўзини қандай тутишини билмай қолган қатлами йиғилган бир жой. У ерда эса ҳеч ким бир қарич жойини ҳам жангу-жадалсиз бериб қўймайди. Шунинг учун бундай жойларда бўлаётган ҳар бир воқеани "тасодифан" бўлмайди.

Жамиятимизнинг кундалик ҳаётини ҳозир ана шу бозорлардаги одамлар белгилашмоқда, ҳар ҳолда уларнинг таъсирлари кучли бўлаяпти. Бу ерда қасддан зарар етказиш ва ноҳалол рақобат ҳам бўлиши мумкин, лекин менинг назаримда у ерда бунданда каттароқ муаммолар мавжуд. Яъни бозорни бошқа одамнинг ҳудудига кўчиртириш, ёки ўша дўкондорларни бир жойдан бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчишига, сотишига эришолмагач мана шунақа "офатлар"га мурожаат қилиш тез-тез учрамоқда.

Нима бўлганда ҳам бундай ёнғинлар, жамоат жойида рўй берганлиги катта ҳалокат. Яъни ёнғин кундузи одамлар гавжум пайтда содир бўлганда қанчалик талафот аянчли бўларди. Демак, бу ерда бош муаммо пул кетидан қувиб фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга юзаки қаралганлигидадир. Ана шу муаммо ҳал этилиши керак. Акс ҳолда одамлар қурбон берилиши ҳеч гап эмас¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик журналист.