Ямандаги икки масжидга қилинган ҳужумда юздан ортиқ одам ўлди

Санодаги ҳужумга учраган масжидлардан бири.

Яманда шиаларнинг иккита масжидига худкушлар томонидан қилинган ҳужум оқибатида юздан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Ямандаги шиа исёнчиларига мансуб бўлган телеканалнинг маълум қилишича, 20 март куни мамлакат пойтахти Санодаги масжидларга қилинган ҳужум оқибатида 137 киши ўлган ва 345 киши яраланган.

Худкушлар ўзларини Санодаги Бадр ва Ал Хашахуш масжидларининг ичларида портлатиб юборган. Мазкур масжидларда асосан шиаларнинг исёнчи Хутхи гуруҳи аъзолари ибодат қилгани айтилмоқда.

Хутхи гуруҳи ўтган йили Санонинг асосий қисмини босиб олган эди. Портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ расман ўз зиммасига олгани йўқ. Аммо ижтимоий тармоқларда “Исломий давлат” гуруҳи аъзолари эканини иддао қилаётган бир қатор фойдаланувчилар портлашларни ўз ташкилотлари амалга оширганини билдирган.