Ваҳобийлар ҳукм сураëтган Саудий билан жанггари Ҳутий шиалари исëнини дастаклаëтган Эрон ўртасидаги очиқ уруш майдонига айланган Яманда 3000 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик врач ўзига хос гаровда қолмоқда.
Уруш бошланиши билан дунëнинг аксар ҳукуматлари зудлик билан Ямандаги ўз фуқароларини бу мамлакатдан олиб кетиш ҳаракатини бошлади.
Озодликка етиб келган норасмий маълумотларга кўра¸ айни кунларда Яманда 3000 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик бор ва уларнинг аксари Ўзбекистондаги ойлик камлигидан Яманга иш излаб келган олий маълумотли врачлардир.
Исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик шифокорнинг 25 март куни Озодликка айтишича¸ ўзбекистонликлар расмий Тошкентдан бундай ëрдам кутиш асоссизлигидан¸ ўз билганларича Ўзбекистонга кетиш пайига тушган:
- Жуда кўп ишчиларимиз бор бу ерда. Ҳозир улар Ўзбекистонга кетишмоқчи. Лекин Санаа аэропорти вақтинча бекилганлиги сабабли учиб кетишолмаяпти, - дейди Яманнинг жанггарилар назоратидаги пойтахти касалхоналардан бирида ишловчи ўзбекистонлик шифокор.
Яманда Ўзбекистон элчихонаси йўқ. Ўзбекистонлик шифокорларнинг кўпчилиги Яманга Россия ширкатлари орқали келиб қолганликлари учун улар муаммолари билан Санаадаги Россия консулхонаси шуғулланади:
- Ҳозирча бизга катта таҳдид йўқ деб ўтирибмиз. Агар таҳдид кучайса¸ Россия элчихонасига Ўзбекистонга кетишимизга ёрдам беришни сўраб мурожаат этмоқчимиз, - дейди ўзбекистонлик шифокор.
Суҳбатдош таъкидича¸ Яманнинг уруш гирдобига тортилганига қарамай¸ ўзбекистонлик врачларни бу ерда ушлаб турган нарса¸ иш ва ойликларнинг Ўзбекистондагидан яхшироқ эканидир:
- Бу ерда Ўзбекистонга қараганда беш-олти баравар кўпроқ маош оламиз. Шунинг учун бу ерларга келганмиз. Ҳаётимизни тикиб, шу ерда ишлаяпмиз. Агарда вазият ёмонлашса, бу ердан кетамиз, деб турибмиз, -дейди Санода ишловчи ўзбекистонлик шифокор.
Яманда сўнгги йилларда бир қанча шифокорлар жанггарилар тарафидан гаровга олиниб, кейин қўйиб юборилганига қарамай¸ халқаро майдонда таназзулга юз тутган давлат саналувчи Яманга ўзбекистонлик мутахассисларнинг келиши камаймаган.
Ҳудайда шаҳридаги хусусий касалхонада шифокор бўлиб ишловчи наманганлик Исроил ака қуролли низо ва можароларга қарамай¸ Яманда врачлар учун шарт-шароит "гуллаб-яшнаëтган тинч Ўзбекистон"дан яхшироқ эканини айатди:
- Энди Яман эски Яманда. Бу ерда бунақа низолар тез-тез бўлади, биз кўникиб қолганмиз. Ўзбекистонга қайтиб борганимиз билан у ерда нима ҳам қилар эдик, - дейди Исроил ака.
Ўзбекистон, қолаверса тожикистонлик тиббиёт ходимлари Яманда хусусий ва давлат шартномалари асосида фаолият юритишади.
Бу врачларнинг аксари давлат шифохоналарида¸ баъзилари эса хусусий клиникаларда ишлайди.
Хафсизликни таъминлаш мақсадида шифохоналарда уларга қўриқчилар бириктирилган.
Яманда ишлаëтган шифокорлардан бирининг Озодликка маълум қилишича, "хорижий мутахассислар учун Яманда барча шароитлар муҳайё этилган".
Унга кўра, шифокорлар "барча зарурий жиҳозларга эга уй-жой билан таъминланади, коммунал хизматларнинг баъзилари бепул".
Ўзбекистонлик шифокорнинг айтишича, Тошкент ҳукумати шифокорларнинг Яманга бориб ишлашига "мутлақо" аралашмайди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Озодлик билан суҳбатда Яманда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокорлар тақдири хусусида "ҳали комментарий ёки маълумот йўқ," деб айтди.
Шифокорлар эса¸ дўппи тор келганда ëрдам сўраб мурожаат қилишни ўйлаëтганлари Ямандаги Россия элчихонаси томонидан ҳозирча бу ерда ишлаётган россиялик ва бошқа постсовет ўлкаларидан келган шифокорларга мамлакатни тарк этиш тавсия қилинмаган.