Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур “Исломий давлат” гуруҳи сафида 200 ўзбекистонлик жанг қилаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирди.
“Новости” агентлигининг хабар беришича, Абдулазиз Мансур чоршанба куни Тошкентда журналистларга: “Сўнгги маълумотларга кўра “Исломий давлат” сафида 200 ўзбекистонлик бор. Бевосита Ўзбекистоннинг ўзидан кетган одамлар 2-3 кишидан ортмайди, бироқ улар ҳам қўлга олинган”, деб билдирган.
Абдулазиз Мансур ўзбекистонликлар Сурияга Россия орқали кетаётганликларини айтган.
Айни пайтда Озодлик радиоси “Исломий давлат”га яқин манба берган манбага таянган ҳолда¸ ҳозирга қадар бу жангари гуруҳ ташвиқотига учиб¸ Сурия ҳудудида ўлган ўзбекистонлик жангарилар сони камида 900 нафарга етгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Аммо Озодлик бу норасмий иддаони тасдиқлаш ëки инкор этиш имконига эга эмас.
Суриядаги ўзбек жиҳодчилари иддаосича¸ бу ерда жанг қилаëтган ўзбекистонликлар сони 3000-4000 кишини ташкил қилади.