Der Spiegel: Тошкент Термиз базаси ижараси ҳақини икки баравар ошириши мумкин

Ўзбекистон ҳукумати Германия учун Термиз базаси йиллик ижара ҳақини икки баравар ошириш ниятида. Бу ҳақда Германияда чиқадиган Der Spiegel рўзномаси жума куни хабар қилди.

Германия ҳукумати делегацияси яқин кунларда Тошкентда келиб, Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишда давом этиш масаласини муҳокама қилади.

Der Spiegel рўзномасига кўра, Ўзбекистон томони база ижараси ҳақини 2016 йилдан деярли икки бараварга кўтармоқчи. Бунгача Германия ижара ҳаққи учун йилига 35 миллион евро тўлаб келаётган эди. Газетанинг билдиришича, 2016 йилдан ижара ҳақи миқдори 72,5 миллион еврони ташкил қилади.

Озодлик ўтган йилнинг октябрида Германия мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб, Тошкент ва Берлин Термиз ҳаво базасидан фойдаланиш муддатини узайтиришга доир келишувни имзолаганини хабар қилган.

Лекин иккала мамлакат расмийлари бу хабарни изоҳламай келаётган эди. Шунингдек, ижара келишуви шартлари ҳам жамоатчиликдан сир тутиб келинаётганди.

Айни пайтда инсон ҳақларини мунтазам топтаб келаётган Ўзбекистонга Берлин ҳукуматининг кўп миллионлик тўловлари Германия ичкарисида бахсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Германия ҳарбий доираларида бундай тўловлар Ўзбекистондаги қатағонлар устида турган президент Ислом Каримов ҳукумати ғазнасини тўлдираётгани борасида хавотирлар ҳам бор. Шунингдек, "Германия учун Термиз базаси шунчалар муҳимми?" деган савол ҳам ўртага ташланган.

Маълумки, 2014 йилгача Бундесвер Термез аэропортидан транзит мақсадларда фойдаланиб келган.

Бугун эса Афғонистоннинг Мазори Шариф аэропортидан ҳам бемалол фойдаланиши мумкин.

Шу боис Германия учун Термез базасининг аҳамияти камайгандек.

Лекин, Der Spiegel рўзномасининг ёзишича, Бундесвер Термез базасини ҳар эхтимолга қарши қўлдан чиқармоқчи эмас.

НАТОнинг Афғонистондаги миссияси ўзгаргани ва у ердаги аскарлар ва ҳарбий техника сони камайганига қарамасдан, Германия Ўзбекистоннинг Термез шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишда давом этади.

Германия Термиз ҳаво базасидан 2002 йилда халқаро коалиция Афғонистонга киритилганидан бери фойдаланиб келади.

Термиз базасидан фойдаланиш шартномасининг муддати 2014 йилнинг 31 октябрда тугаши керак эди.

Германия ҳукумати ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон томони билан Термиз базасидан фойдаланиш муддатини узайтиришга оид келишувни имзоланди.

Германия ҳарбийлари Термиздаги базага 2002 йил 15 февралида жойлаштирилган.

Дастлаб Германия ҳукумати база ижараси учун Ўзбекистонга ойига 240 минг евро ҳақ тўлаган.

2005 йилдан эса Германия айни база ижараси учун йилига 12 миллион 400 минг евро тўлаган.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида 2011 йилда эришилган келишувга мувофиқ, Германия Термиз базаси учун тўланадиган йиллик ижара ҳақини 15 миллион 950 минг еврога кўтарган эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса январь ойида ўз давлати ҳеч қанақа ҳарбий уюшмаларга қўшилмаслиги ва ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилишига йўл қўймаслигини яна бир бор таъкидлаганди.

- Авваламбор, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш ва энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик, муқаддас юртимиз тупроғида чет мамлакатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга ва ҳарбийларимизнинг чегараларимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаслигимиз шулар жумласидандир. Бугун юзага келаётган халқаро вазиятда айни шу йўл, шу сиёсат биз учун мақбулдир,- деганди Каримов.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан сўнг АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Ўзбекистоннинг Хонобод ҳарбий базасидан фойдаланиб келди.

2005 йил Андижон воқеалари ортидан эса Ўзбекистон Америка ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқариб юборди.