Марғилонлик ўқитувчини бекор қилинган қарор билан ишдан бўшатмоқдалар

Марғилон шаҳридаги 7- мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Ҳусанова Наргиза олий маълумоти йўқлиги учун ишдан бўшатилаётгани тўғрисида Озодликка шикоят қилди.

Ўқитувчининг шикоятини ўрганган мухбиримиз уни ишдан бўшатишга асос қилиб кўрсатилаётган қарорнинг бундан 3 йил муқаддам бекор қилинганини аниқлади.

Тажриба vc Диплом?

Марғилонлик бошланғич синф ўқитувчисининг Озодликка ёзган шикоят хатида, жумладан, бундай дейилган:

“Тажрибасиз олий маълумотлидан 25 йил меҳнат қилган ўрта-махсус маълумотли яхши эмасми? Мактабдаги барча “ўрта-махсуслар” қаерга борсин? Энди, ёшингиз 40 дан ўтганда, олий маълумотли бўлишни ўйланг!”

Огоҳлантирув хати

Марғилонлик ўқитувчи нимадан шикоят қилаётгани у ўз хатига илова қилган ҳужжатдан аён бўлади. Марғилон шаҳридаги 7- умумий ўрта таълим мактаби директори Р. Шерматованинг имзоси билан 2015 йил, 31 мартда адресатга топширилган огоҳлантирув хатида хатни олувчи 2 ойдан сўнг ишдан бўшатилажаги тўғрисида огоҳлантирилган.

Мана ўша хатнинг электрон нусхаси:

Рисоладагидай ҳужжат?

Мактаб директорининг ўқитувчига ёзган хати, бир қарашда, юридик жиҳатдан мукаммал кўринади. Раҳбар ўз талабини конкрет қарор ва Меҳнат кодекси билан асослаган.

Бироқ...

Бироқнинг боисига кейинроқ тўхталамиз.

Ҳозир эса, 7- мактаб директори ўз хатида тилга олган қарор ва унинг ижроси билан бир шаҳар мисолида танишайлик.

“Ўрта-махсус”ларга мактаб эшикларини ёпган қарор

Ўзбекистондаги 3 идора: Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази бундан қарийб 10 йил муқаддам - 2005 йил, 30 декабрда 105, 42 ва 01-357-сон «Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида» қарор қабул қилган эди.

Мазкур ҳужжат талаблари ва у қандай ижро этилаётгани тўғрисида Озодликнинг Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлимидаги манбасининг айтганларидан тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

- Қарор талабидан келиб чиқиб, ўрта-махсус педагогика ўқув юртлари (педучилишчелар) ни 2006 йилгача битирган ўқитувчилар мактабларда ўқитувчилик қилмоқда. Улар орасида пенсия ёшига яқинлашиб қолганлари ҳам бор. 2005 дан буёғига касб-ҳунар коллежларини битирганлар ўқитувчиликка олинмайди. Улар куни узайтирилган гуруҳ раҳбари, тўгарак раҳбари, лаборант, котиба каби лавозимлардагина ишлаши мумкин. Коллежни битирганлар ўқитувчига эҳтиёж бўлган тақдирда ҳам ўқитувчиликка ишга олинмайди, чунки уни молия бўлими тарификациядан ўтказмайди. Мабодо молия тарификациядан ўтказиб юборсаю бу кейин билиниб қолса, ўқитувчи ишдан бўшатилиб, олган барча маошлари қайтариб олинади, деди Озодликнинг Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлимидаги манбаси.

Шу кунда мазкур шаҳар мактабларида 1576 нафар олий маълумотли, 379 нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчи ишламоқда.

Мамлакат бўйлаб эса, барча ўқитувчиларнинг 77,8 фоизи олий, 0,3 фоизи тўлиқсиз олий, 21,9 фоизи эса, ўрта маълумотлидир.

Бироқнинг боиси ёки “ишдан чиққан” қарор

Мавзуни ўрганар эканмиз, табиийки, марғилонлик мактаб директори хатида тилга олинган қарор билан ҳам танишдик.

Маълум бўлишича, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг бундан қарийб 10 йил муқаддам - 2005 йил, 30 декабрда қабул қилинган «Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қўшма қарори тилга олинган идораларнинг 2012 йил, 18 майдаги қарори билан бекор қилинган.

Демак, Марғилон шаҳридаги 7- умумий ўрта таълим мактаби директори Р. Шерматованинг ўқитувчи Ҳусанова Наргизага уни ишдан бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантирув хати қонунга зиддир.

Жавобсиз қолган савол

Вазият пайдо қилган саволларимизни бериш учун тилга олинган мактаб директори, унинг шаҳар ва вилоятдаги раҳбарлари билан боғланишнинг иложи бўлмади. Лекин Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик.

Хизматнинг ўзини таништирмаган ходимига вазиятни тушунтирдик.

“Олий маълумоти йўқ киши бошланғич синф ўқитувчиси бўла олмайди, жорий талабларга кўра, бунга мутлақо йўл қўйилмайди”, деди ходим марғилонлик бошланғич синф ўқтиувчиси Наргиза Хусанованинг шикоятини шарҳлар экан.

- Лекин Хусановани ишдан бўшатиш учун асос қилиб келтирилган 2005 йилги қарор 2012 йили бекор қилинган эканку, бунга нима дейсиз?

Озодликнинг бу саволини Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими жавобсиз қолдирди.