Озодликнинг Паркентдаги манбаларига кўра, уч кундан бери таълим муассасаси ва қишлоқ Тошкент вилояти ИИБнинг терроризмга қарши бўлими ходимлари томонидан қаттиқ текширилмоқда.
“Мактаб ва овулда, қўшни Қирғизовулда ҳам маҳалла посбонлари қаттиқ ишлашмоқда. Ҳушёрлик давр талаби деганларидек, барча чораларни кўрганмиз. Аммо буни қарангки, 25 апрелга ўтар кечаси мактаб ойналарига кимдир шундай ёрлиқларни ёпиштириб кетибди, бундан жуда ҳайрон қолдик. Ҳозирда текширув ишлар олиб борилмоқда, балки кимдир қўпол ҳазил қилмоқчи бўлгандир” - дейди номини ошкор қилмаслигимизни истаган Бўстон фуқаролар йиғини вакили.
Маълум бўлишича, мактаб ойналарига осиб кетилган варақаларда таълим муассасасининг яқин орада портлатилиши таъкидланган, аммо бу ҳодисанинг айнан қайси куни амалга оширилишига ишора йўқ.
Шунингдек, компьютерда ёзилган варақаларда диний экстремизм аломатлари ҳам кўринмайди.
“Арзирли гап йўқ, мактабда машғулотлар давом этмоқда. Миш-мишларга ишонмаслик керак, айни пайтда ҳушёрликни ҳам унутмаслик лозим. Бу ишлар кимнингдир безорилиги бўлса керак” - дейди таълим муссасаси раҳбарининг хўжалик ишлар бўйича ўринбосари Тўрабек Пейсебаев.
Тошкент вилояти ИИБ томонидан ўтказилаётган текширувларда Бўстон қишлоғига мамлакат жанубидан кўчиб келиб, пропискасиз яшаётган хонадонлар аниқланмоқда.
Портлатиш таҳдидидан сўнг кўпроқ уларнинг ҳаловати бузилган, қишлоққа кириб-чиқаётган фуқаролар, автоуловлар назоратдан ўтказилмоқда.
Паркент тумани Бўстон қишлоғидаги 24-сонли ўрта умумтаълим мактабидаги ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти ИИБнинг навбатчилик қисми Озодликнинг телефон орқали сўровини изоҳсиз қолдирди.