Собиқ милиционер Ўш губернатори 2010 йилда қурол тарқатганини иддао қилди

Ўш милициясининг собиқ бошлиғи Абдилда Капаров 2013 йилдан бери Ўш вилоят раҳбарини турли жиноятларда айблаб келади.

Ўш милициясининг собиқ раҳбари Абдилда Капаров ҳукуматнинг вилоятдаги мухтор вакили Сўўрўнбай Жээнбековни 2010 йилги Ўш воқеаси арафасида аҳолига бир юз элликка яқин автомат ва йигирмадан ортиқ тўппончани халққа тарқатиб берганини иддао қилмоқда.

Ўш вилояти милициясининг собиқ раҳбари Абдулла Капаров 2010 йил апрель инқилобидан сўнг Қирғизистон ҳукумати томонидан Ўшда барқарорликни сақлаш учун ажратилган 3 миллион долларни вилоят губернатори Сўўрўнбай Жээнбеков йўқ қилиб юборганини 2013 йилдан бери иддао қилиб келаётган эди.

Энди эса Абдилда Капаров 2010 йил Ўш воқеалари арафасида ака-ука Сўўрўнбай ва Асилбек Жээнбеков халққа қурол тарқатгани ва бу қуроллар ҳукумат барқарорликни сақлаш учун ажратган пулларга харид қилинган бўлиши мумкин, деган иддаони олға сураётир.

- Жээнбековлар 2010 йилдаги Ўш воқеалари бошланган пайтда мендан бир неча марта қурол сўраган. Автомат, тўппонча, ўқ-дориси билан сўраганда мен бермаганман. Мен милициянинг қуролини бировга бериб юборувчи жинни эмасман. Мен бермасам булар бошқа ердан қурол топиб, халққа тарқатишибди. 150ка яқин автомат ва 20дан ортиқ тўппонча ўқ-дориси билан тарқатаётганида мен бориб олиб қўймоқчи бўлсам, яшириб қўйишган. Фожеада вафот этган минглаб одамнинг ўлимига шу қуролларнинг алоқаси бор ё йўқлигига ҳозиргача юридик баҳо берилмади. Булар ўша автоматлар билан қирғиз халқини отганми, бошқани отганми ёки кичик ватанлари Қорақулжага бориб кийик отганми – бунинг барчаси ўрганилиб чиқиши керак, - дейди Абдилда Капаров.

Қапаров мазкур иддаосини пойтахт Бишкекда ўтган мухолифат қурулойида ҳам айтганди. Шундан кейин депутат Равшан Жээнбеков парламентда бу масалани кўтарган эди. Ўш губернаторининг укаси Асилбек Жээнбеков эса бу иддаоларни “тухмат”, деб баҳолаган.

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Сўўрўнбай Жээнбеков ҳам бу маълумотларни инкор қилади.

- “150-170 автомат, 20-50 тўппонча тарқатган”, дегани бу жуда катта айблов. Бу масалада куч тизимлари тергов ўтказсин. Агар чиндан ҳам биров тарқатган бўлса бу исботлансин, акс ҳолда буни йўқ жойдан ўйлаб топиб, қуруқ тухмат қилган Абдилда Капаровни жавобгарликка тортишсин. Бунинг барчаси Жээнбековларни қоралаш учун қилинаётган ишлар. Мен ҳам, Асилбек Жээнбеков ҳам ҳеч қачон, ҳеч қаерга қурол тарқатмаганмиз. Бу ёлғон гап, - дейди Сўўрўнбай Жээнбеков.

Уч миллион доллар масаласида Сўўрўнбай Жээнбеков Абдилда Капаровни судга бериб, икки инстанцияда ютиб олган. Бироқ бу талаш Қирғизистон Олий судида ҳам давом эттирилиши мумкин.

Бу сафар қурол тарқатишда айблагани учун ҳам Жээнбеков Абдилда Капаровни судга бермоқчи.

Ўшда тартибни назорат қилиш учун 2010 йилда ҳокимиятни бошқариб турган Муваққат ҳукумат 5 миллион қирғиз сўми ажратганини Муваққат ҳукумат аъзоси бўлган Азимбек Бекназаров ҳам тасдиқлади.

- Ўша пайтда вилоятларда тартиб ўрнатиш учун маблағ ажратилган. Молияни назорат қилган Темир Сариев керакли суммани вилоятларга жўнатиб турган. Ўшанда Ўш вилоятига 5 миллион, Жалолобод вилоятига 5 миллион сўм ажраттириб берганман. Апрель ойи бошланишида банклар ишламай қолган. Шахсан ўзим пулни олиб, Исмаил Исаков орқали Ўшга 5 миллион сўм бериб юборганман. Исаков билан Дуйшўн Чўтўнўв бирга Ўшнинг губернатори Сўўрўнбай Жээнбековга ўша пулни топширган. Улар пулни қаерга сарфлади, қандай сарфлади - барчаси бўйича ҳукуматга ҳисобот берган. Бироқ Капаров айтган 3 миллион доллар тўғрисида хеч нарса билмайман. Мен уни инкор ҳам қилолмайман, берилган деб ҳам айтолмайман, негаки мен шахсан бу пулни кўрмаганман, - дейди Азимбек Бекназаров.

Милиция полковниги Абдилда Капаров 2010 йилнинг апрелидан июнь ойигача Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган эди. У 2013 йилнинг 13 июнда Сўўрўнбай Жээнбеков билан келишмовчилик сабабли ўз лавозимидан истеъфо берган.