Чеченлар ҳамкорлигида ўзбек жиҳодчилари Сурия шаҳарчасини ишғол қилди

Жиср Аш-Шуғур шаҳарчасига танклар ортидан кириб келган ўзбек жанггарилари чиқарган видеодаги сурат.

Ўзини Тавҳид вал Жиҳод ëхуд “Жаннат ошиқлари” катибаси деб номлаган ўзбек жиҳодчилари чечен жанггарилари билан бирга Сурия шимол-ғарбидаги Идлиб вилоятининг Жиср Аш-Шуғур шаҳарчасини эгаллагани иддао қилинган видеони тарқатди.

“Жаннат ошиқлари”нинг ўз саҳифаси¸ қолаверса Youtube порталида эълон қилинган видеолавҳасида жанггариларнинг танклар ҳамроҳлигида шаҳарча марказига “Оллоҳу Акбар” ҳайқириқлари билан кириб келаëтгани акс этган.

Ҳаракатланаëтган машина ичидан туриб олинган видеода ўзбек тилида гапираëтган сураткаш шаҳарчадаги ҳаëт манзараси¸ оддий одамлар¸ хусусан аëллар ва болалар кўрилади.

Шаҳар кўчаси¸ унинг аҳлини кўрсата туриб жиҳодчилар¸ “Булар бизнинг ғанималаримиз¸ Оллоҳнинг изни билан булар бизга ғанимат қилиб берилди¸ Оллоҳу Акбар” деб қичқирадилар.

Хабарларга кўра¸ “Жаннат ошиқлари” деб аталаëтган батальон 25 апрель куни Ал-Қоида гуруҳининг Суриядаги бўлими саналган Жабҳат ал-Нусра¸ шунингдек Аҳрар ал-Шом гуруҳлари билан биргаликда Жиср Аш-Шуғур шаҳарчасини Сурия ҳукумати аскарлари назоратидан тортиб олган.

Ҳукумат кучларининг Идлиб вилоятидаги сўнгги истеҳкоми бўлиб келган бу шаҳарчани ишғол қилиш арафасида ИШИД жангарилари бу вилоятнинг аксар ҳудудини қўлга киритган эди.

Кузатувчиларга кўра¸ Жиср Аш-Шуғур шаҳарчаси Латакия ва Алеппо шаҳарларини боғловчи йўл устида жойлашгани боис стратегик жиҳатдан аҳамиятга эга. 80-йилларда бу шаҳарча Мусулмон биродарлиги радикал исломий гуруҳининг асосий мафкуравий истеҳкомларидан саналган.

Жиср Аш-Шуғур шаҳарчасини ишғол қилган исломий фирқалар ўзларини биргаликда Жайш ал-Фатаҳ деб атаган ва Британияда чиқадиган The Guardian газетасининг ëзишича¸ бу бирлашманинг икки асосий қисми -Жабҳат ал-Нусра ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланилаëтган Аҳрар ал-Шом Ал-Қоида террор тармоғини бирлаштирувчи ғояларга эргашади.

Чечен жангариларининг Жунуд ал-Шом гуруҳининг ҳам Жиср Аш-Шуғур ишғолида фаол қатнашгани айтилмоқда. Бу гуруҳга Муслим Шишоний номи билан танилган асл миллати кист бўлган жиҳодчи Мурад Маргошвилибошчилик қилади.

Чеченистонда араб жанггарилари билан бирга “жиҳод” қилган Маргошвилининг кўпдан бери Сурия жанг майдонларида кўринмай қолгани ортидан унинг ўлгани ëхуд оғир яралангани ҳақида овозалар тарқаган эди.

Ўзбек ва чечен жиҳодчиларининг Идлиб ишғоли учун Жабҳат ал-Нусра етовидаги исломий иттифоққа қўшилгани¸ кузатувчилар фикрича¸ тасодифий эмас. Айтилишича¸ бу гуруҳлар Ал-Қоида ғояларидан илҳомланган Жабҳат ал-Нусра ва Аҳрар ал-Шом каби ўта радикал гуруҳлар билан ҳаммасликдир.

Айни пайтда бу ўзбек ва чечен жиҳодчиларининг биринчи иттифоқи ҳам эмас¸ уларнинг Алеппо ва Латакия вилоятлари ишғолида ҳам биргаликда жанг қилгани айтилади.

Чеченларнинг Жунуд ал-Шом катибаси Аҳрар ал-Шом билан бирлашиш ниятини эълон қилган¸ аммо кўп ўтмай бу баëнотини қайтиб олган эди. Гарчи бу бирлашувнинг нима сабабдан амалга ошмай қолгани очиқланмаган бўлса-да¸ кузатувчиларга кўра¸ ўзини “Исломий давлат” устунларидан деб билган шимолий кавказлик жангарилар билан Маргошвили ўртасидаги бошқарувга оид зиддият бу иттифоққа имкон бермаган.

Ўзбек жанггариларининг Тавҳид вал Жиҳод ëхуд “Жаннат ошиқлари” катибаси тарқатган видеода Ал-Қоида тармоғи етакчиси Айман ал-Заҳовирий ҳам акс этган ва бундан гуруҳнинг Завоҳирийга байъат келтиргани англашилади.

“Жаннат ошиқлари” деб номланган жиҳодий гуруҳ¸ қирғиз махсус хизматлари таъкидича¸ Ўш ва Жалолободда Сурияга кетган этник ўзбек жанггариларидан таркиб топган.

Бу гуруҳнинг Интернетдаги тарғибот сайти Қирғизистон ва минтақанинг бошқа давлатларида тўсиб қўйилган.