Кобулдаги судда Қуръонни ёқиш бўйича ёлғон айблов билан оломон томонидан ўлдирилган афғон аёли Фархунданинг қатл саҳнаси акс этмиш видео намойиш қилинди.
3 май куни судья прокурорлардан мобиль телефонлари воситасида олинган мазкур видеони намойиш қилишни сўради.
Икки кун муқаддам Кобулда бошланган судда 49 айбланувчи иштирок этмоқда. Улардан 19 нафари ҳужумни бартараф этиш бўйича ўз вазифаларини бажармаган полициячилардир.
27 ёшли афғон талабаси Фархунда 19 март куни оломон томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилган, сўнгра унинг жасади ёқиб юборилганди.
Гувоҳларга кўра, у аёлларга тумор сотиш билан шуғулланган мулла билан бу ишнинг Ислом динига зидлиги юзасидан баҳслашиб қолган. Тортишув чоғида мулла унинг Қуръонни ёққанини иддао қилган, буни эшитиб турган оломон эса қизга ҳужум қилган.
Фархунданинг ўлими бутун Афғонистон бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган.