Баҳс Онлайннинг навбатдаги сонида Иккинчи жаҳон уруши пайтида совет қўшинларига қарши жанг қилган “Туркистон легиони” ҳақида мунозара бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида совет қўшинларига қарши жанг қилган, 1942 йилда Украинада Вермахт қошида ташкил этилган “Туркистон легиони”нинг сўнгги зобити, асли марғилонлик Рўзи Назар 1 май куни Туркияда 98 ёшида вафот этди.
Бу легион Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Рўзи Назар каби бир гуруҳ туркистонлик зиёлилар томонидан урушда асирга тушган туркистонликлардан тузилганди.
Германия қўмондонлиги таркибида шундай легион тузиш таклифини собиқ Туркистон мухторияти раҳбари Мустафо Чўқай илгари сурган эди.
Мустафо Чўқай Гитлернинг ёвуз сиёсатидан эзгу ишда фойдаланишга урингани, 1939 йилда Гестапо қўлига тушган ва қанчадан-қанча чиғириқлардан ўтиб, шахсан фюрер билан мана шу легионни тузиш ҳақида келишувга эришгани айтилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бу келишувга мувофиқ Ўрта Осиёга фашистлар эмас, Туркистон легиони аскарлари кириши ва алоҳида давлат қуриши лозим эди.
Туркистон легиони раҳбарлари фашистларга асирга тушган 260 минг туркистонликнинг ҳаётини ҳам сақлаб қолганлиги айтилади.
Бу легионнинг асосий мақсади, 20 асрнинг 20-30 йилларида туркистонликларга нисбатан қатағон сиёсатини олиб борган Кремлни йўқ қилиш ва миллий истиқлолга эришиш эканлигини унинг аъзолари ҳар доим айтиб келган.
“Рўзи Назар ва бошқа ватандошларимизни "Туркистон Легиони”даги фаолияти, коммунист босқинчиларига қарши миллий озодлик ҳаракати(большевик коммунистлар босмачилик дейди)нинг давомини бир кўринишидир. Ўша вақтларда рус босқинчилари Туркистонни босиб олган 1870 йиллардан бошлаб босқинчиларга қарши курашганлар, ҳаммаси юрагида ўти бор, ватанпарвар, инсонлар бўлган, бунга шубҳа йўқ. Уларни хозирги авлодлар тушиниши қийин, вақти соати келади ҳаммаси ўз ўрнига тўшади”, деб ёзади тошкентлик Отабек Тошев.
Бироқ, Туркистон легиони аскар ва зобитларини хоин дея таърифлайдиганлар фикрича, улар фашистлар билан ҳамкорлик қилиб ватанини сотган, ўз ака-укаларига қарши урушган.
“Душманга асир тушиб, қўрқоқлигидан кечаги дўстлари, ота-онаси, опа-сингиллари, балки севган ёри яшаётган юртга қурол кўтариб келган киши хоин деб аталади. Туркистон озодлиги учун курашган, деган эртакни қўрқоқ хоинлар ўйлаб топган. Агар Рўзи Назар ва унга ўхшаганлар "давлат арбоби", "қаҳрамон", "Туркистон озодлиги учун курашувчи" бўлса, унда урушда ҳалок бўлган юз минглаб ўзбеклар ким? Урушдан қайтиб келиб, меҳнат қилган, немис хотинга эмас, ўзбек қизларига уйланиб, келажакни Ўзбекистонда яратганлар кимлар? Биз советлар даврини оқламаймиз, аммо унга қарши кураш баҳонасида Ватанга қарши хиёнатни ҳам оқлаб бўлмайди”, дейилади тошкентлик Шуҳрат қолдирган шарҳда.
Хўш, Туркистон легионида хизмат қилганлар ватанпарварми ёки хоин?
Агар сиз баҳсларда иштирок этмоқчи бўлсангиз ҳар чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 19.05дан кейин OzodlikOnline, OzodSkype, OzodOvoz Скайп манзилларига боғланинг.
Саволларингизни шарҳ сифатида қолдиришингиз, шунингдек, sadriddin61@gmail.com электрон почта манзилига ҳам юборишингиз ҳам мумкин.