Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова -Тиллаева Самарқандда янги болалар уйи ташкил этди.
Лола Каримова-Тиллаевага мансублиги айтиладиган Facebook саҳифасида мазкур болалар уйи президентнинг қизига қарашли “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси томонидан очилгани қайд этилган.
Хабарларда айтилишича, янги меҳрибонлик уйи 1943 йилда барпо этилган 6-сон болалар уйининг ўрнига қурилган. Қурилиш икки ярим йил давом этган. Янги болалар уйида 127 бола, жумладан, 42 қиз ва 85 ўғил бола тарбияланади.
Болалар уйининг янги биноси замонавий талаблар асосида қурилгани, 28 та ухлаш хонаси, 34 чўмилиш хонаси ва 21 хожатхонага эга экани билдирилди.
Лола Каримова-Тиллаева бошқарадиган “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси мамлакатдаги қаровсиз қолган болаларга ҳомийлик қилиш билан шуғулланади. Каримова-Тиллаева мазкур жамғармани ўзи ва эрининг хусусий бизнесидан тушадиган маблағ ҳисобидан молиялашини иддао қилиб келади.