Фархунда иши бўйича айбланаётган зобитлар устидан ҳукм кейинга қолдирилди

Фархунда иши бўйича Кобулдаги маҳкама жараёнларидан бири.

Афғон суди Кобулда ёлғон айблов билан тошбўрон қилинган аёлни оломондан қутқаришда лоқайдлик кўрсатган 19 полициячи устидан ҳукм чиқариш ишини бошқа кунга қолдирди.

Судья Сафиуллоҳ Мужаддидий 10 май куни бу иш юзасидан текширувни якунлаш учун яна вақт кераклигини билдирди, аммо ҳукм қачон чиқарилишини очиқламади.

27 ёшли афғон талабаси Фархунда ўлими бўйича судланаётган 4 киши аввалроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган. 19 март куни ғазабланган оломон “Қуръони каримни ёқди” деган гумон билан Фархундани тошбўрон қилган, сўнгра жасадини ёқиб юборганди.

Гувоҳларга кўра, у аёлларга тумор сотиш билан шуғулланган мулла билан бу ишнинг Ислом динига зидлиги юзасидан баҳслашиб қолган. Тортишув чоғида мулла унинг Қуръонни ёққанини иддао қилган, буни эшитиб турган оломон эса қизга ҳужум қилган.

Фархунданинг ўлими бутун Афғонистон бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган ва норозилар Кобул ҳукуматидан қотил оломонни тегишлича жазолаш¸ хотин-қизларга нисбатан давом этаëтган зўравонликларни тўхтатишни талаб қилган эди.