Ўзини 2005 йил 13 май воқеаларида айбланиб 20 йиллик қамоққа ҳукм қилинган Қобилжон Парпиевнинг ўғли Жаҳонгир деб таништирган шахс Озодлик эфирида Андижон қирғини учун бутун масъулият "Акромийлар" деб аталадиган гуруҳ зиммасида эканини таъкидлади.
11 май куни OzodlikOnline эшиттиришининг Андижон қирғини 10 йиллигига бағишланган сонида қатнашган шахс 13 май воқеаларида шахсан иштирок этганини иддао қилиб, “биз Ўзбекистонда конституциявий тузумни ағдармоқчи эдик, Исломий давлат ўрнатмоқчи элик”, дея таъкидлади.
Айни пайтда, Озодлик мухбирининг нима сабабдан орадан 10 йил ўтиб бундай иқрор билан чиққани тўғрисидаги саволига “бизга бу ерда ёмон бўляпти”, дея жавоб берди. Лекин “ёмон бўляпти” деганда нимани назарда тутишини аниқлаштирмади. Ўзини Жаҳонгир Парпиев деб таништирган бу шахс Андижон қирғини номи билан тарихга кирган воқеаларни унутишга чақирди ва бу воқеаларни эслаётган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни “керак бўлмаган” иш билан шуғулланаётганликда айблади.
Олдимиздаги чоршанба куни Андижон қирғинига 10 йил тўлади. 2005 йил 13 май куни Андижон марказига тўпланган минглаб намойишчининг Ўзбекистон ҳукумати кучлари тарафидан ўққа тутилиши оқибатида, инсон ҳуқуқлари фаоллари тахминига кўра, 1000 нафаргача одам ҳалок бўлган. Ҳукумат расмийлари ҳалок бўлганлар сони 187 кишини ташкил қилгани, уларнинг асосий қисми “қуролланган террорчилар” бўлганини иддао қилади.