Ўш милицияси ўзбекистонликлар 26 қорамолни ўғирлаганини иддао қилди

Ўш милицияси вилоятнинг Аравон туманида ўзбекистонликлар томонидан сўнгги икки ой ичида 26 бош қорамол ўғирланганини иддао қилмоқда. Ўш милицияси расмийси ўғриларни қўлга олишда ёрдам сўраб Ўзбекистонга мурожаат қилингани, аммо шу кунгача бу илтимосни ўзбек милицияси жавобсиз қолдираётганини айтди.

Сўнгги ики ойда Ўш вилоятининг Андижон билан чегарадош Аравон туманида 26 бош қорамол йўқолган. Қорамолларнинг асосий қисми Ўзбекистон- Қирғизистон чегарасининг аниқланмаган ҳудудида жойлашган Туямўйин қишлоғида йўқолгани кузатилган.

- Йўқолган моллар қайси ердан ўғирлангани ва қаерга олиб кетилгани, кимлар томонидан ўғирлангани маълум бўлди. Ўғирликда гумонланувчилар қўшни давлат фуқаролари бўлгани ва улар қўшни давлат ҳудудида яшаши сабабли биз уларни қўлга ололмаяпмиз. Биз ўғирланган ва қўшни давлатга олиб ўтилган молларни қайтариш, ўғриларни жавобгарликка тортиш бўйича ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни ҳамкорликка чақириб сўров жўнатганмиз. Аммо бу сўровимиз ҳам жавобсиз қолмоқда. Бугунги кунда 26 қорамолнинг ўғирланиши бўйича жиноятнинг фош этилмаётганига асосий сабаб шу бўлмоқда, - деди Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбоев.

Бунуги кунда Аравон туманида ўзбекистонликлар томонидан мол ўғирланишининг олдини олиш мақсадида милиция махсус полки маҳаллий аҳоли билан биргаликда куну тун назоратчилик қилмоқда.

Жениш Ашурбаевга кўра, Ўзбекистон куч тузилмалари билан ҳамкорлик сўнги йилларда сусайган.

- Сўнгги 3-4 йилдан бери ҳамкорлик сусайиб кетди. Бунгача ҳамкорлигимиз яхшигина эди. Ўзбекистон куч тузилмалари раҳбарлари билан сўнги учрашувларда ҳамкорликни қайта тиклаш масаласида бир қатор таклифлар айтилди. Агарда давлатлараро даражада ҳамкорлик қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилинса, ўзаро алоқаларимиз яна ўз йўлига тушади, деган ишонч бор, - дейди Жениш Ашурбоев.

Қонунчиликка асосан қўшни давлат фуқароси Қирғизистон ҳудудида жиноят содир этиб, шу ерда қўлга олинса, у Қирғизистонда судланиши ва жазога тортилиши мумкин. Бироқ жиноятчи ўз ватанига ўтиб кетган бўлса, халқаро шартномаларга муофиқ, қўшни давлат фуқароси жиноятни содир этганига доир далиллар тўпланиб, Бош прокуратура томонидан ўша давлатга юборилади ҳамда жиноятчи ўз ватанида жавобгарликка тортилади.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, Ўш вилояти ҳамда Ўш шаҳрида 2015 йил бошидан то шу кунгача турли жиноятларни содир этганликда айбланган ўндан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

- Буларнинг орасида ўғирлик қилган, чегарадан ноқонуний ўтган ва талончилик қилган шахслар бор, - деди Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбоев.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида жиноят содир қилиб, ўша ерда жавобгарликка тортилган қирғизистонликлар ҳам бор. Қўшни давлат ҳудудида жиноят содир этиб, аммо Қирғизистонга қочиб ўтишга муяссар бўлган бир неча одам ҳам бу ерда қўлга олиниб судланган.

Бироқ Жениш Ашурбаев 2015 йилнинг шу кунига қадар Ўзбекистондан Қирғизистон фуқаролари қўлга олингани ҳақида маълумот ёки Ўзбекистон ҳудудида жиноят содир этган одамларни қўлга олиш юзасидан сўров келмаганини айтди.