Андижон қирғини: Европа санкциялари бесамарлигича бекор бўлди

ЕИ санкциялари ҳукумат қўшинлари Андижонда намойишчиларга ўт очгани учун жорий қилинган эди.

Эслатма: бу мақола Андижон воқеаларига 10 йил тўлган санада тайёрланган.

Андижон қирғини собиқ СССР қулаганидан бери АҚШ ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан алоқалари энг юқори нуқтага чиққан пайтларда рўй берди. 2005 йил Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси жойлашган, мамлакатда кўплаб халқаро ташкилотлар, хориж матбуот ваколатхоналари фаолият олиб борган давр эди.

Лекин собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларида рўй берган ҳокимият алмашинуви-ю, зўравонликлардан фарқли ўлароқ 2005 йил 13 май куни Андижонда тинч намойишчиларга нисбатан “номутаносиб куч қўлланилгани” важидан Европа Иттифоқи Тошкент ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий қилади.

Кўпчилик “рамзий” дея баҳолаган жазо чоралари аввал 2007 йилда юмшатилади, 2009 йилда эса тўла бекор қилинади.


13 май воқеалари Ўзбекистон билан Ғарб давлатлари ўртасидаги яқинлашув авж палласига чиққан пайтда рўй берди. Ўшанда Қашқадарёда Афғонистондаги НАТО миссияси мақсадларида ишлатилувчи АҚШ ҳарбий базаси жойлашган, шу сабабдан Америка ҳам, Европа ҳам аввалига эҳтиёткорона баёнотлар билан чекланди, лекин Тошкентнинг халқаро текширув ўтказиш чақирувларини рад этишда қайсарликни кучайтирган сари, баёнотлар ҳарорати ҳам кучайиб борди.

Хориж расмийларининг энг кескин баёноти Британиянинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Жэк Стро оғзидан янграган эди.

- Мен энди, қотилликлар нега содир бўлгани, қотилликларнинг туб моҳияти ва қотилликлар учун ким жавобгар эканини аниқлаш учун мутсақил халқаро текширув ўтказишга чақираман. Бу тегишли халқаро идоралар иштирокидаги ишончли ва шаффоф тергов бўлиши керак, дея таъкидлаган эди Британия ташқи ишлар вазири.

Лекин Тошкент ҳукумати нафақат халқаро текширувга рози бўлмади, балки Андижон қирғинигача бўлган бир неча йил давомида мамлакатда фаолият олиб боришига рухсат берилган халқаро ташкилотлар, жумладан, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари ва фуқаровий жамият ташкилотларини биринма-кетин Ўзбекистондан хайдай бошлади.

Пировардида, 13 майгача бўлган бир неча йил давомида “халқаро террорга қарши кураш”да Ғарбнинг асосий иттифоқчиларидан бири бўлган президент Ислом Каримов АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистондан чиқариб юборади ва халқаро танқидлардан ҳимояланиш учун Россия қўйнига отилади. Орадан бир неча ой ўтиб, Ўзбекистон Россия билан иттифоқчилик шартномасини имзолайди ҳамда Москва етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти каби тузилмаларга қўшилади.

Президент Ислом Каримов 2005 йилда Россияга серқатнов бўлади. Москвага қилган сафарларининг бири олдидан Каримов Ғарбни Андижон баҳонасида Ўзбекистонга қарши ахборот уришини очганликда айблайди.

- Андижон воқеаларидан кейин, бизага, умуман террористик ҳамла, ҳуруж қилгандан кейин, бизага энг катта зарба, зарар бермоқчи бўлгани шу бўлдики, шунча олдам ҳалок бўлганини инобатга ҳеч ким олмасдан туриб, худдики бир табиий ҳолдек, информацион хуружларни, информацион урушларни бошлади, дея иддао қилади Каримов.

Мустақил тергов ўтказиш чақириқлари жавобсиз қолиб, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик Тошкентнинг ўзи тўхтата бошлагач, Европа Иттифоқи жазо санкцияларини қўллайди. 2005 йилнинг октябрида эълон қилинган санкциялар Андижонда бегуноҳ одамларнинг ўлдирилиши учун жавобгар кўрилган ҳукумат мулозимларига нисбатан Европа Иттифоқига виза чеклови ҳамда Ўзбекистонга қурол сотишга эмбарго жорий этишни ўз ичига олади. Санкцияларни бекор қилиш учун шарт ўлароқ яна Андижон қирғини юзасидан халқаро мустақил текширув ўтказилиши талаб этилади.

Ўша кунлари АҚШ Конгресси ҳам Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш қарорини эълон қилади.

Фуқаровий жамият фаоллари ЕИ санкцияларини ўта юмшоқ ва рамзий аҳамиятга эга дея танқид остига олади. Орадан кўп ўтмай, санкциялар ҳақиқатан ҳам хўжакўрсинга қабул қилинганига ишора қилувчи воқеа юз беради. Санкциялар эълон қилинишидан икки ой ўтиб, Андижонда намойишчиларга ўт очишни буюрган шахс деб кўриладиган ва виза чеклови рўйхатида биринчи қаторга қўйилган ички ишлар вазири Зокиржон Алматов Германиядаги касалхонада даволанаётгани аниқланади.

Бу вақтда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги халқаро ташкилотларни хайдашда давом этади. Қирғизистонда вақтинча бошпана топган 439 нафар андижонлик қочқинни учинчи мамлакатга олиб чиқишда бош қош бўлган БМТ қочқинлар идорасининг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳам ёпилади.

Тошкент ҳукумати мустақил тергов борасидаги Ғарб босимларига жавобан халқаро ташкилотларни хайдаш билан чекланмайди, қонли воқеалардан кейинги икки йил давомида кўплаб маҳаллий фаоллар ва журналистлар қамоққа ташланади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сиёсий маҳбус дея эътироф этган бу фаоллар кейинчалик Тошкент-ЕИ музокараларида савдолашув объектига айланади.

Натижада 2007 йил октябрида, санкциялар олиб ташланиши учун қўйилган асосий шарт – мутсақил тергов ўзтказилмаган бўлса-да, жазо чоралари сирасидан виза чеклови вақтинча бекор қилинади. Лекин ЕИ қарорига жавобан Тошкент қамоққа ташланган фаоллардан бири Умида Ниёзовани озодликка чиқаради ва икки томон иштирокида Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузишга розилик берди.

Мазкур ишчи гуруҳи вакиллари Тошкент қатнай бошлайди, ўзбек расмийлари ҳамроҳлигида Андижонга боришади. Лекин ўшанда воқеалардан қарийб уч йил ўтган, хунрезлик рўй берган майдон ташқи қиёфаси ўзгартирилган ва ҳатто бу майдондан Бобур ҳайкали ва номи олиб ташланган эди. Шунга қарамасдан 2008 йилнинг май ойида Европа Кенгаши йиғинида виза чекловини бутунлай олиб ташланади. Қурол-яроқ эмабргоси кучда қолади ва музокаралар давом этади.

Сиртдан қараганда иккала томон ҳам ўз позициясидан қайтмагандай кўринади, лекин ўзбек расмийларининг баёнотлари европаликлардан кўра кескинроқ янграй бошлайди. Андижон қирғинидан кейинги даврда Ўзбекстон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Владимир Норов 2009 йил сентябрида Брюсселда“бизга ақл ўргатманг” қабилидаги баёнотларни қилади.

- Яна бир бор эслатиб қўймоқчиман, Ўзбекистон ва Ўзбекистон делегацияси бу ерга кимгадир ҳисобот бериш учун келгани йўқ. Яъни Европа иттифоқига назоратчи ҳуқуқини ҳеч ким бергани йўқ. Биз ўзаро тенглик асосидаги мулоқот тарафдоримиз. Яъни томонларни қизиқтирувчи масалалар бўйича мулоқот тарафдоримиз, дейди Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг бу сўзларидан бир ой ўтиб, қурол эмбаргоси ҳам бекор қилинади.

Ўша даврда, 2008 йилнинг апрелида президент Ислом Каримов Андижон қирғинидан бери илк бор Европа Иттифоқига таклиф этилади ва Руминияда ўтказилган НАТО саммитида қатнашади.

Бу вақтга келиб АҚШ Конгрессининг Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш қарори ҳам қайта кўриб чиқилади ва муносабатлар тикланади.

2011 йилнинг бошида Ислом Каримов Брюсселга таклиф этилиб, ЕИ ва НАТО раҳбарлари қабулида бўлади.

Ўшандан бери Ғарб билан Тошкент ўртасидаги муносабатлар тадрижида расмийлар Андижон қирғини масаласини бошқа кўтармайди.