Андижонда аксарияти қуролсиз бўлган юзлаб одамнинг ўлдирилганига 10 йил тўлиши муносабати билан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳақлари идораси директори Михаэль Георг Линк Андижондаги қирғин юзасидан халқаро текширув ўтказиш талабини такрорлади.
“Биз бугун 13 май кунги қирғинда ҳаëтдан кўз юмганлар ва уларнинг ҳамон адолат кутаëтган оилаларини хотирлаш баробарида¸ энг асосийси 2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил¸ нуфузли халқаро текшириш ўтказиш сўровини қайта тиклашимиз керак”¸ дейилади ЕХҲТ расмийси 13 май куни эълон қилган баëнотда.
Демократик тизимлар ва инсон ҳақлари идораси вакилларининг тилга олинган бу воқеалардан кейин Андижонга боришига рухсат берилмаган бўлса-да¸ ташкилот Қирғизистонга қочиб ўтган 300 дан 500 нафаргача бўлган ўзбекистонлик қочқинлар билан суҳбатлар асосида тўпланган дастлабки хулосалар акс этган ҳисоботини эълон қилган эди¸ дейилади баëнотда.
Баëнотда қайд этилишича¸ ўзбек хавфсизлик кучлари Андижоннинг Бобур майдонига йиғилган қуролсиз намойишчиларга ялпи ўт очган ва майдондаги намойиш пайтида ва унинг арафасида ноқонуний қатллар содир этилгани аниқланган.
Ўзбекистон расмийлари Андижонда ўлганлар сонини 187 деб тан олган ва уларга кўра¸ қурбонларнинг 60 нафари Андижон қамоғига ҳужум қилган қуролли гуруҳ томонидан ўлдирилган.
Аммо бу рақам¸ Демократик тизимлар ва инсон ҳақлари идораси¸ қолаверса халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари келтираëтган рақамларга мос келмайди.
Халқаро кузатувчилар тахминича¸ Андижонда ўлганлар сони ҳукумат эътироф этганидан кўра анча баланддир.