Интернет тармоқларида 14 май куни “Исломий давлат” лидери Абу Бакр ал Бағдодийга таалуқли экани иддао қилинаётган овозли баёнот пайдо бўлди.
Ярим соат давом этадиган мазкур аудиоёзувда барча мусулмонлар “Исломий давлат” сафларида халифалик учун Ироқ ва Сурияда жанг олиб боришга чақирилган. Шунингдек, аудиоёзувда Ироқда яшовчи сунийлар жангарилар сафига қўшилмай, Ироқ ҳукуматидан ҳимоя истаётганлари танқид қилинган.
Мустақил манбалардан бу ёзув ҳақиқатан ҳам ал Бағдодийга тегишли эканини аниқлаштириш имконияти ҳозирча мавжуд эмас. Бағдодийга мансублиги айтиладиган бундан аввалги овозли баёнот Интернетда 2014 йилнинг ноябрида пайдо бўлган эди.
Ўтган ойда эса айрим ахборот агентликлари ал Бағдодий ҳаво ҳужумлари оқибатида сафдан чиқарилгани хабар қилган. Бироқ Пентагон “Исломий давлат” раҳбари яралангани тўғрисида ҳеч қандай аниқ ахборот йўқлигини билдирган.