Қрим татарлари Совет Иттифоқи раҳбари Исосиф Сталин кўрсатмаси билан ўз ватанларидан депортация қилинганликларининг 71 йиллигини хотирлади.
Коммунистик режим 1944 йилнинг 18 майида 200 минг қрим татарни Қримдан Марказий Осиёга мажбурий кўчиришни бошлаган эди. Кўчириш пайтида йўлда оч қолган минглаб одамлар ҳалок бўлган.
Россия ҳукумати мазкур санани Қримда нишонлашга рухсат бермагани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. Мазкур тадбир 18 май куни Киевда ва Украинанинг бошқа шаҳарларида ўтказилган. Тадбирда депортация пайтида ҳалок бўлган қрим татарлар хотираси ёдга олинди ва Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинишига норозилик билдирилди.
Бундан бир неча кун аввал Украина парламенти 18 майни депортация қурбони бўлган қрим татарларни хотирлаш миллий куни сифатида эълон қилган ва бу борада махсус қонунни қабул қилган эди.