Ўзбекистонда давлатга қарашли корхоналарда маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда. Озодликка Жиззах ва Олмалиқдаги иккита корхона ишчиларидан келган мактубда икки ойдан бери маош берилмаётгани ҳақида айтилади. Шу билан бирга Фарғона вилоятининг Бағдод туманидан мактуб йўллаган ўқитувчи ҳам иш ҳақини ололмаётганидан шикоят қилди. Бюджет ташкилотларида маошларнинг кечикиши иқтисодда нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳланмоқда.
Озодликка 15 июнь куни келган мактублардан бири остига яна Тошкент вилояти Олмалиқ туманидаги “Аммофос-Максам” корхонаси ишчилари қўл қўйган.
Мактуб муаллифлари июнь ойининг иккинчи ярми бошланганига қарамасдан апрель учун маошлари тўлиқ тўлаб бўлинмаганидан шикоят қилишди.
“Яна ойлик масаласида Озодликка мурожаат қилишга тўғри келди. Олмалиқ шаҳридаги Аммофос-Максам заводида ишлаймиз. Мана бугун 15 июнь, лекин апрель ойлиги тўлиқ берилмади. Ҳали 8, ҳали 12, ҳали 6 фоиздан бўлиб-бўлиб беряпти. Ўшани ҳам пластик карточкага. Нақд пул олганимизнику эслай олмаймиз”, деб ёзади Олмалиқдаги кимё заводи ишчилари.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аммофос-Максам корхонаси ишчилари маошлар бир неча ойлаб кечикаётгани тўғрисида Озодликка шу йилнинг март ойида ҳам ёзишган эди. Ўтган сафар ҳам 3200 ишчиси бор кимё заводида маошлар икки ойга кечикаётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Улушининг 51 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига, 49 фоизи Испания сармоядорларига тегишли кимё заводининг шахси сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда шу кунда корхонанинг иш ҳақига оид қарздорлиги қарийб 3 миллиард сўмни ташкил қилишини тасдиқлади.
“Апрель ойидан 800 миллион сўмдан ортиқроқ қарздорлик бор. Аперльнинг бир қисмини ёпдик, май ойи учун маошларни тўлаш жараёни бошлангани йўқ. Май ойиники 2 миллиард сўмга яқин. Ҳаммасини қўшиб санайдиган бўлсак 3 миллиард сўмга яқин қарздорлик бор”, деди Аммофос-Максам корхонаси мутасаддиси.
Унинг айтишича, иш ҳақи кечикишига корхонада айрим маҳслуотлар ишлаб чиқраилиши тўхтагани, банклар томонидан кердит берилмаётгани ҳамда маҳсулотлар экпортида қийинчиликлар юзага келгани сабаб бўлмоқда.
15 июнь куни Озодликка Жиззахдаги “Jizzakh Avantage Plus” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ишчилари ҳам мактуб йўллаб бир неча ойдан бери иш ҳақи берилмаётганини билдиришди.
Цемент хом ашёсидан қурилиш учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона мутасаддилари 200га яқин ишчига апрель ой учун иш ҳақи берилмаганини тасдиқлашди.
Айни пайтда, ўзини Фарғона вилояти Бағдод туманидаги 44-мактаб ўқитувчиси, деб танриштирган муштарийнинг Озодликка ёзишича, “мактаб маъмурияти май ойи учун маошни беришни пайсалга солмоқда”. Ўқитувчига кўра, мактаб раҳбарияти иш ҳақини тўлаш учун шарт ўлароқ ҳар бир ўқитувчидан ўз маҳалласидаги пенсионерлардан нафақасининг 50 фоизини пластик карточкага туширилишига розилик хати олиб келишни буюрган. Бағдод туманидаги 44-мактаб маъмуриятидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилот ва корхорналарда иш ҳақининг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда. Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.
Ўтган ойда Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботда мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.