Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан пойтахтдаги иккита метро бекатининг номи ўзгартирилди: Тошкент метрополитенининг Чилонзор линиясидаги "Ҳамза" бекати 16 июндан “Новза”деб аталадиган бўлди, Юнусобод линиясидаги "Ҳабиб Абдуллаев" бекати эса "Шаҳристон"га ўзгартирилди. Таниқли ўзбек геологи, академик Абдуллаевнинг Москвада яшовчи набираси Ҳабиб Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда бобосининг номи метро бекатидан олиб ташланганига муносабат билдирди.
Ўзбекистон пойтахтида тараққийпарвар ўзбек шоири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва геолог олим Ҳабиб Абдуллаев номига қўйилган иккита бекат номи алмаштирилди.
“Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил 16 июндаги 547-сонли қарори билан шаҳримизнинг айрим метро бекатлари номлари тартибга келтирилди. Ушбу қарорга биноан "Ҳамза" номли метро бекати номи - "Новза" метро бекати, "Ҳабиб Абдуллаев" номли метро бекати номи - "Шаҳристон" метро бекати деб ўзгартирилди”, дея қисқа хабар берилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида.
Расмий Тошкент томонидан бу масалада бошқа тушунтириш берилгани йўқ.
Озодлик академик Абдуллаевнинг Москвада туғилиб ўсган ва ҳозирда Россия Иқтисодий тараққиёти вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимида бўлган, айни пайтда Москвадаги ўзбеклар миллий-маданий автономиясини бошқариб келаётган набираси Ҳабиб Абдуллаевдан бу ўзгартиришларга муносабат билдиришни сўраб мурожаат қилди.
“Мен бундан хафа эмасман”
Ўзига бобоси хотирасига Ҳабиб деб исм қўйилганини айтган суҳбатдошимиз Тошкент ҳокимиятининг “Ҳабиб Абдуллаев" бекати "Шаҳристон"га ўзгартирилганидан сира хафа эмаслигини билдирди.
- Менда бу масалада ҳеч қандай хафагарчилик йўқ, чунки бир кунмас, бир кун бу содир бўлишига ишончим бор эди. Абдуллаев проспекти номини бир неча йил олдин ўзгартиришган эди ва шу сабабли бекат номи ҳам ўзгариши кутилган ҳодиса бўлди. Билишимча, Ўзбекистонда одамлар номлари билан боғлик географик номлар ўзгартирилмоқда. Менинг шахсий фикримча, бу ерда шахсий адоват йўқ. Қолаверса, менинг бу масалада уларга баҳо беришим қанчалик тўғри бўлади, дейди Ҳабиб Абдуллаев.
“Янги давр – янги сиёсат!”
Ўзбекистонда анчадан бери давом этаётган тарихий шахслар номлари ўрнига географик атамаларни жорий қилиш сабабларига тўхталар экан, суҳбатдош буни маҳаллий ҳокимият олиб бораётган сиёсатга боғлади:
- Мен кимдадир академик Абдуллаевга нисбатан шахсий хусумати бор, деб ўйламайман. Менимча бу номларни йўқотишга қаратилган аллақандай умумий йўналиш вужудга келган. Бобур, Темур каби эски давр шахслари номлари сақланиб қолиб, янги давр намояндалари номлари олиб ташланаяпти, деган фикрдаман. Биласизми, одамларга бағишлаб кўча ёки бошқа объектларни номлаш Совет даврига хос эди. Тўғриси, у ёки бу бекатни номини ўзгартиришда маҳаллий ҳокимият нимага таянаётганини тушунишим қийин, чунки мен у ерда яшамайман, бошқа давлат фуқаросиман. Қолаверса “Шаҳристон” номини талаффуз этиш ҳам осонроқ! Уларда бунга етарли асос бордир: ким ҳозир Ҳамзани ўқияпти ёки Абдуллаев кимлигини ўзбекларнинг аксари биладими?- дея савол берди суҳбатдош.
Таниқли ўзбек геологининг набираси ҳар бир давр ўзининг қаҳрамонларига эга ва Ҳабиб Абдуллаевнинг олим сифатида замонавий ўзбек ёшларига таъсири камайгани тошкентликларнинг бундай ўзгартириш қилишга ундаган бўлиши мумкинлиги тўғрисида ҳам гапирди.
“Ў ўзбек зиёлиларини бирлаштирди”
Ҳабиб Абдуллаев бобосининг ўзбек халқи олдида қилган асосий хизматлари тўғрисида ўз фикрини билдирди.
Унинг фикрича, академик Абдуллаев янги давр зиёлилари ва янги авлод олимларини майдонга олиб чиқишда жуда катта ҳисса қўшган.
- Менимча, у ўз лавозимлари ёки мақомлари билан эмас, балки ўзбек зиёлиларининг шаклланишида катта ҳиссаси билан одамлар хотирасида қолган. Энг аввало, илмий зиёлиларни. Уруш йилларидан кейин бобом ишлаб чиқаришдан ўз хоҳишига биноан яна фанга қайтди, Фанлар Академиясини бошқарди, янги кадрларни тайёрлашга интилди. Бир неча ўн йилда Ўзбекистон қолоқ феодал давлатдан замонавий илм-фан марказига айланди. Генетика, Ядро физикаси институтларини очиш учун қанча куч сарфланган эди! Эътибор беринг, айнан 50 йилларда олий ўқув юртлари сони кескин кўпая борди. Ўзбек йигитларини бошқа шаҳарларга ўқишга, аспирантурага юбориши “юқорида” кўпчиликка ёқмасди. У доимо “Биз орқада қолиб кетдик! Биз илгарилашимиз керак!” деганини эслашади. Ахир ўзбек маданияти тарихида юксалиш даврлари бўлган: академик Абдуллаев янги юксалиш даврни, ўзига хос “Уйғониш” маданиятини яратиш тарафдори бўлиб қолди, дейди Ҳабиб ака.
“Хотира – одамларнинг онгида!”
Суҳбат сўнггида Ҳабиб Абдуллаев ўз бобоси билан чиндан фахрланиши ва унинг ўзбек маданиятига қўшган ҳиссаси тарихий атамаларда эмас, балки одамларнинг хотирасида сақланиб қолишига ишонч билдирди.
- Сталин қатағонлари даврида у Москвада Геология-разведка институти аспирантурасида ўқиган. Ортга қайтганида кўплаб зиёлилар йўқ қилинган, отиб ташланган экан. Уни вазият жамоатчилик олдига кўтариб чиқди, десак бўлади. 28 ёшида уни Ўрта Осиё политехникуми ректори лавозимига тайинлашди, кейинроқ, бир йилдан кейин, уруш бошланиши билан у Совнарком раиси муовини этиб тайинланди. Уруш йиллари бобом Ўзбекистонга эвакуация қилинган корхона-заводларни жойлаштириш ва ишга тушириш билан машғул бўлди. Масалан, менинг дадамни Пўлат деб ном берилишига сабаб – ўша йили бобом Бекобод металлургия комбинатини ишга туширган. Урушдан кейин эса у яна ўзи севган илм-фанга қайтди. Академик Ҳабиб Абдуллаев 49 ёшида Ўзбекистон Фанлар Академиясини бошқараётган пайтда оламдан ўтди, деди Озодлик билан ҳамсуҳбат бўлган Ҳабиб ака.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Академик Абдуллаев ҳақида
Ҳaбиб Муҳaмедович Aбдуллaев 1912 йилда Ўшнинг Аравон қишлоғида дунёга келган. Таниқли ўзбек геолог-олими, дaвлaт вa жaмоaт aрбоби, Ўзбекистон ФA aкaдемиги, геология-минерaлогия фaнлaри доктори.
1935 йилда Ўртa Осиё саноат институтининг кончилик фaкультетини тугaтгaч, геология-рaзведкa пaртияси бошлиғи этиб тайинланган. Ўзбекистондaги Лaнгaр волфрaм-молибден конининг геологик тузилиши, минерaл тaркиби вa ҳосил бўлишини тaдқиқ қилди. 1940 йилдaн Ўртa Осиё саноат институтининг фойдaли қaзилмaлaр кaфедрaсидa доцент, сўнгрa шу институтдa директор, 1942 йилдaн Ўзбекистон ҳукумaти (Совнарком) рaиси ўринбосaри, 1944 йилдaн - Дaвлaт плaн комиссияси рaиси.
1946 йилда у докторлик диссертaциясини ёқлaди. Aбдуллaев 1947 йилдaн Ўзбекистон ФA вице-президенти, айни вaқтдa Геология институти директори ҳaмдa унинг Петрология вa метaллогения бўлими рaҳбaри.
Ҳaбиб Aбдуллaев 1956 йилдaн то умрининг охиригача Ўзбекистон ФA президенти бўлган.
Aбдуллaев кўплаб илмий журнaллaр, тўплaмлaр, илмий-оммaбоп нaшрлaрнинг мaсъул муҳaррири, тaҳрир ҳaйъaти aъзоси эди, жумлaдaн, Ўртa Осиёдa биринчи "Ўзбекистон геология журнaли" асосчиси вa унинг мaсъул муҳaррири ҳам бўлган.
Aбдуллaев Ўзбекистондa иқтидорли ёшлaрдaн фaннинг турли соҳaлaридa, жумлaдaн, геология бўйичa миллий кaдрлaр тaйёрлaшгa кaттa ҳиссa қўшди. Ҳaбиб Aбдуллaев рaҳбaрлигидa 7 киши докторлик, 28 киши номзодлик диссертaциясини ёқлaган.
Aбдуллaев 1950 йилдaн умрининг охиригaчa минерaлогия жaмияти Ўзбекистон бўлимини бошқaрди. 1960 йилдaн Фрaнция геология вa Буюк Бритaния Қироллик минерaлогия жaмиятлaри aъзоси. Тaнлaнгaн aсaрлaридaн 7 жилди нaшр этилгaн (1964 - 69).
Ўзбекистон ФA Геология вa геофизикa институти, Тошкент шaҳридaги кўчалардан бири Ҳабиб Абдуллаев номи билан аталган (2008 йилгача). Шунингдек, Aкмaл Икромов тумaнидaги мaҳaллaгa, 193-мaктaбгa, Улуғбек шaҳaрчaсидa кўчa вa бошқa объектлaргa Хaбиб Aбдуллaев номи берилгaн. Геология вa геофизикa институти биносигa, ТошТУ геология-рaзведкa фaкультети биносигa ёдгорлик тaхтaси ўрнaтилгaн. 1992 йилда Aбдуллaев номидa "Олтин медaл" тaъсис этилгaн. Ўш шaҳридaги кaттa кўчaлaрдaн бири, Aбдуллaев туғилиб ўсгaн Aрaвондaги мaктaб вa кўчa ҳaм Ҳaбиб Aбдуллaев номи билaн aтaлгaн. Юнусобод метро чизиғининг сўнггиси бўлган “Ҳабиб Абдуллаев” бекати 2001 йилда очилган.
Ҳабиб Aбдуллaев Тошкентдaги Чиғaтой қaбристонигa дaфн қилингaн қaбри устигa машҳур ҳaйкaлтaрош Евгений Вучетич томонидан ясалган мaрмaр бюст ўрнатилгaн.