Тошкент мактабларида ташкил қилинган 36та ёзги болалар оромгоҳига бюджетдан ажратилган пуллар етиб бормаяпти. Болалар овқати учун ҳаражатнинг маълум қисми ота-оналар зиммасига юклатилган. Қолган пулни қоплаш учун мактаб ошхоналарини ижарага олган тадбиркорлар мажбурланмоқда.
Тошкент мактабларидаги ошхоналарни ижарага олган бир гуруҳ тадбиркорлар ва пойтахт мактаблари директорлари номидан Озодликка бўлган мурожаатда айтилишича, тўрт йилдан бери ёзги кундузги оромгоҳлар учун ажратилган пуллар мактабларга берилмаяпти. Мактаблар эса ўз навбатида ошхоналарни ижарага олган тадбиркорлар олдида қарздор бўлиб қолмоқда.
Тўрт йил ичида ёзги оромгоҳлар учун тахминан 100 миллион сўмлик маблағ сарфлаган тошкентлик тадбиркорнинг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, халқ таълими мутасаддилари ҳаққини талаб қилган тадбиркорларга нисбатан босим ва тазйиқ қилмоқда:
“Тўрт йилдан бери тадбиркорларни мажбурлашаяпти. Ҳар бир тадбиркор шаҳардаги 3-4та мактаб ошхонасини ижарага олган. Уларнинг ҳаммаси қарзини ололмаяпти. Шахсан ўзимники 100 миллион сўм. “Бу йил болаларни боқмайман, олдин қарзимни тўланглар” дегандим. Қўрқитиш йўлига ўтишди. “Ошхонани топширасан” қабилидаги гаплар билан пўписа қилишаяпти”, деган иддаони билдирди тошкентлик тадбиркор.
Бошқа бир тадбиркор ҳам 50 миллион сўмлик қарзини сўраб, халқ таълим бўлими мулозимларига мурожаат қилганида унга босим қилишганини иддао қилди:
“Районода “нимага пулингни сўрайсан” деб дағдага қилишди. “Бизни судга ҳам бера олмайсан” дейишди. Чунки биз мактаб билан шартнома қилганмиз. Судга берсак мактабларни берарканмиз. Мактаблар эса дод деяпти. Бечоралар ўзини пулидан бизга ёрдам беришаяпти. Менимча пулимизни умуман беришмоқчи эмас”, деди исми очиқланмасликни сўраган тадбиркор.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Пойтахт мактабларидан бирининг директори Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, оромгоҳ учун бюджетдан ажратилган пулни сўраб туман халқ таълими бўлимига бир неча бор мурожаат қилган:
“Районога ҳар борганимда сўраяпман. Менга “Умуман бу пулни сўрамагин. Жим ўтиргин. Бера олмаймиз”, дейишди. Райононинг айтишича, уларга бошқарма (Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси.-таҳр) пулни тушириб бериши шарт экан. Бошқарма эса тушириб бермаяпти. Бизга пул берилмаслигининг аниқ бир сабабини айтишмаяпти. Тўрт йилдан бери лагерлар тўлови ошхоналарни ижарага олган тадбиркорлар зиммасига юклатилаяпти”, деди исми ошкор қилинса, таҳдидга учрашини айтган мактаб директори.
Тўрт йилдирки, Тошкент шаҳридаги мактабларда 4 сменадан иборат 40 кунлик ёзги кундузги болалар оромгоҳлари ташкил қилинган.
Жорий йил 13 май куни ўтган Бош вазир Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган болалар оромгоҳларига бағишланган селектор йиғилишида қайд қилинишича, ҳар бир сменада битта боланинг уч маҳал овқатланиши учун бир кунга 3000 сўм жами 30 минг сўм сарфланиши лозим.
Тошкентдаги халқ таълими бўлимларидан олинган маълумотга кўра, оромгоҳлар ҳаражатларининг 25 фоизини ота-оналар зиммасига юкланган, қолган 75 фоизи эса давлат бюджетидан қопланиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Жорий йилда 36 та оромгоҳда 16 мингдан зиёд боланинг дам олиши режаланган. Ҳисоб-китоб қилинса, 16 минг боланинг оромгоҳда уч маҳал овқатланишига жами 480 миллион сўм пул керак. Бу пулнинг 25 фоизини ота-оналар тўласа, қолган 360 миллион сўми бюджетдан қопланиши лозим. Кейинги уч йил ичида Тошкентдаги кундузги оромгоҳларда овқатланиш учун бюджетдан тахминан 1 миллиард 80 миллион сўм ажратилиши лозим эди.
Озодлик 23 июнь кун давомида Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармасидан оромгоҳлар ҳаражатлари бўйича қарздорлик билан боғлиқ саволларига жавоб ололмади. Бошқармага қилган ўнлаб қўнғироқларимиз орқали оромгоҳлар билан ишловчи масъулларидан ҳам, бухгалтерия бўлимидан ҳам бу саволга ойдинлик киритувчи кун давомида топилмади.
Кун охирига бориб бошқарма бошлиқ ўринбосари Аваз Мамажонов Озодлик билан суҳбатда оромгоҳлар ҳаражатлари учун қарздорликни ҳомийлар ёрдамида қоплаш режалаштирилаётгани ҳақида айтди:
- КРУ (Назорат тафтиш бошқармаси.- таҳр.) томонидан ўрганилмоқда, ҳамма маблағ тушириб берилади яқинда. Бу пул бюджетдан ажратилмаган. Ҳомийлар ҳисобидан, ташкилотчилар ҳисобидан бўладиган маблағлар. Болаларнинг сони тўғрими, қанчалик тўғри берган овқатни, болалар сонига тўғри келадими, йўқми, шуни изучение қилишаяпти. Ревизионное управление ҳозир кўрганидан кейин ўшани ҳаммасини ҳисоб-китоби аниқ бўлгандан кейин маблағлар берилади. Ҳомийлик маблағларидан, ҳозир маблағлар йиғилаяпти. Тадбиркорлар манимча сал нотўғри гапирибди. Ўтган йилги маблағлар ва ундан олдинги йилдан қисман қолган пуллар бор. 2013 ва 2014 йиллар. Икки йиллик қарз бор. У ҳам тўлиқ эмас. Пуллари қисман берилган. КРУ текширгандан кейин ҳамма пули берилади,- деди Аваз Мамажонов.
Мулозим пойтахтдаги ёзги оромгоҳлар бўйича қарздорлик жорий ёзда тўла қопланишини таъкидлади.