22 июнь куни туш пайтида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар деҳқон бозорининг бир қисмига ўт кетди. Ҳаво ҳароратининг ўта юқори бўлгани сабабли бир зумда бозор атрофидаги 10 дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлди. Бу ҳақда хабар қилган мобил мухбирларимизга кўра, бозор ёнғинида қурбонлар бўлмаган.
Гулистон шаҳар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлимига вакилларига кўра, ёниб кул бўлган дўконларнинг кўпчилиги гул дўконлари бўлиб, ёнғиннинг яроқсиз электр симларидан чиққани эҳтимоли юқори.
“Ёнғин ўз вақтида бартараф этилди. Шу боисдан зарар кўлами жуда катта эмас. Афсуски, дўкон эгалари ўзларининг товар маҳсулотлари, ижарага олинган дўконларни суғурта қилишмаган экан. Ҳозирда Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши мобайнида зарар кўлами ҳисоблаб чиқилади”, дейди ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими.
Воқеага гувоҳ бўлган гулистонликлардан бири эса Сирдарёда бундай ҳодисаларнинг тез-тез содир бўлиши ва бунга сабаб бозорлар маъмуриятларининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига эътибор бермаслиги ҳамда ижарага берилган дўконларнинг талабларга мос эмаслигини таъкидлайди:
- Гулистон деҳқон бозори таъмири учун миллионлаб маблағ ажратилган, аммо бу маблағ каттаконлар томонидан туя қилинган. Биргина бугун ёнган дўконлар бозорнинг кираверишда эканига қарамай хавфсизлик талабларига тўла жавоб бермасди,- дейди гулистонлик суҳбатдош.
Мазкур ҳодиса юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан терговолди суриштирувлар бошланган.
Ўзбекистонда бозорларда ёнғин содир бўлиши тез-тез учрайдиган ҳодисалар сирасига киради.
21 июнь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги кийим-кечак бозорига ҳам ўт кетган эди.
Март ойида Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги марказий бозор ҳам ёниб кул бўлган эди.
Ўтган йили эса Ўзбекистон бўйлаб ўнга яқин йирик бозорда ёнғин содир бўлган эди.